Эрталабки бадантарбия тадбирида мингдан ортиқ киши қатнашди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бугун эрта тонгдан профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирокида эрталабки бадантарбия тадбири ташкил этилди, – деб хабар бермоқда институт матбуот котиби И.Матеков.
Дарҳақиқат, инсон ўз имкониятларидан келиб чиқиб, спорт билан шуғулланиб, жисмонан чиниқиб турса, саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади. Айниқса, ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқалик бадантарбия ёки 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш жуда фойдали.
Сўнгги йилларда юртимизда халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жисмонан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўтказилган тадбирда институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларидан иборат 1000 га яқин киши иштирок этди.
Таъкидланганидек, Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг: «Жисмоний чиниқиш – саломатликни сақлашда самарали усул ҳисобланади,» деган ҳикмати ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги шиоримизга айлансагина келажак авлодларимизнинг комил инсон бўлишига замин яратган бўламиз.
Институтда яқинда фойдаланишга топширилган замонавий спорт мажмуаси ва улкан спорт майдони ушбу мақсадларга эришиш учун асосий база бўлиб хизмат қилмоқда.

Институтда оммавий спорт тадбирлари давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги