Кўпчилик тадбиркорлар имтиёзлардан самарали фойдаланмоқда

190

 

Президентимиз томонидан қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар асосида Хўжайли туманида ўз тадбиркорлигини ривожлантираётган фаол тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчилар туманда фаолият юритаётган ҳунарманд Азамат Избергенов хонадонида бўлиб, унинг ишлари билан яқиндан танишди. А.Избергенов 20 йилдан ортиқ вақтдан буён ёғочдан ҳунармандчилик ва истеъмол буюмлари ясаш билан шуғулланади. Ҳунарманд томонидан тайёрланган бешик, аравача, болалар арғимчоғи ва бошқа буюмларга қизиқиш билдирган харидорлар сони ортиб бормоқда.

А.Избергенов турмуш ўртоғи билан биргаликда республикамизда ташкил этилган қатор ҳунармандчилик бўйича ўтказилган кўргазма-ярмаркаларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари «Cake Boomer» бренди асосчиси, тадбиркор Маҳира Мамутованинг фаолияти ва корхонасида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.






«Cake Bumer» оилавий корхонаси ўз фаолиятини 2007 йилдан бошлаган бўлиб, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланади. Дастлаб 1 ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган ушбу корхонада бугунги кунда 100 дан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган. Шундан 30 нафардан ортиғи миграциядан қайтган фуқаролар бўлса, 80 фоизини аёллар ташкил этади. Шунингдек, корхонанинг Нукус шаҳри ва Қўнғирот туманларида филиаллари мавжуд бўлиб, ширин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сифатли хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқда.

Тадбиркор М.Мамутовага Президентимизнинг махсус фармони асосида Хўжайли тумани марказидан инвестиция киритиш шарти билан тўғридан-тўғри ер майдони ажратиб берилди. Ушбу имтиёз натижасида «Cake Boomer» оилавий корхонаси фаолияти янада кенгайиб, келгусида қўшимча 50 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланиши режалаштирилган.

Пресс-тур давомида журналистлар корхонадаги ишлаб чиқариш ишлари ва юртимизда тадбиркорларга яратилган шароитларнинг бевосита гувоҳи бўлди. Мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича, тўлиқ жавоб олди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги