Бош мақсад – аҳоли турмушини яхшилаш

Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги йилларда соҳаларни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини самарали ишга тушириш, кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилаш йўналишида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ушбу йўналишдаги ишларнинг бориши, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан танишиш мақсадида республикамизга хизмат сафари билан келди.
Ташрифнинг дастлабки тадбирлари Тўрткўл туманидан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоеванинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Тўрткўл туманидаги Маданият саройида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, шунингдек, барча туман, шаҳар студияларидан видеоалоқа орқали соҳа раҳбарлари, масъуллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Т.Норбоева сўзга чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари, Парламент палаталарида ихтисослашган қўмиталар томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳ республикамизда бўлиб, соҳалардаги коррупция ҳолатларини ўрганганида қатор камчиликлар аниқланганини танқидий таҳлил қилиб ўтди.
Йиғилишда бугунги кунда жойларда коррупцияга қарши курашиш, коррупция ҳолатлари ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган хато-камчиликлар, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда содир этилаётган жиноятлар, профилактик тадбирларнинг самарали олиб борилмаётгани каби долзарб масалалар танқид қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Республика махсус ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар қайд этилиб, сўзга чиққанлар томонидан муаммоларга кенг тарзда тўхталиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича маҳалланинг ўзида тизимли равишда иш олиб борилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Йиғилишда, шунингдек, ўз вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбарларнинг лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганиб чиқиш бўйича топшириқлар берилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Сўнг Сенат Раиси Тўрткўл туманидаги маҳалла фаоллари билан учрашди. Шу мақсадда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ҳамроҳлигида Тўрткўл туманидаги «Беруний» маҳалласига борди.

Бу ерда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва «ижтимоий профилактика» тизимининг ташкил этилганлиги, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган манзилли чора-тадбирлар «йўл хариталари»нинг ижроси, шунингдек, оғир ва ўта оғир ҳамда оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар ва мутасадди идоралар томонидан уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар кўздан кечирилди.

Фаоллар билан яқиндан мулоқот қилиниб, маҳаллани қизил тоифадан чиқариш, фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш борасида фикр-мулоҳазалар тингланди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Беруний туманига ҳам ташриф буюриб, бу тумандаги аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишлар билан танишди. Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов билан бирга тумандаги «Бирлик» маҳалласида яшовчи бобо деҳқон, намунали томорқа эгаси Ю.Наримбетов хонадонида меҳмон бўлди.

Азалдан тажрибали деҳқонлар юрти бўлган Беруний тумани меҳнаткашлари ҳали қиш якунланиб улгурмасдан томорқаларида бу йилги мавсум учун тайёргарликларни бошлаб юборган. Ю.Наримбетов томорқасидан йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйган шундай инсонлардан бири. У 31 сотих ердаги иссиқхоналарида сабзавот, полиз экинлари кўчатларини етиштириб, республикамизнинг барча туманларига, шунингдек, Бухоро, Хоразм вилоятларига ҳам етказиб беришни йўлга қўйган. Кутилаётган натижалари ҳам меҳнатига яраша – бу йил томорқасидан 500 млн. сўм даромад олишни режалаштирилган. Мавсумий 10 нафар ишчининг ҳам бандлиги таъминланган.

Сенат Раиси деҳқон билан яқиндан мулоқот қилиб, унинг нафақада бўлишига қарамай ҳали меҳнатсеварлик билан томорқасида ишларни самарали ташкил этгани кўпчиликка ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг Сенат Раиси «Тўқимачи» маҳалласидаги «RAYHON APPAREL» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди.

Умумий лойиҳа қуввати 28,5 млрд. сўм бўлган корхонада йилига 5 млн. дона 15 турдаги трикотаж кийим-кечаклар тикилади. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилиб, айни пайтда 500 та янги иш ўринлари яратилган.

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева корхона ишчилари, шунингдек, бу ерда малака ошираётган қизлар билан яқиндан мулоқот қилди.

Сенат Раиси Нукус шаҳрида ёшлар билан учрашиб, шундан сўнг сумалак сайлида иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Т.Норбоева Қорақалпоғистонлик ёш велоспортчилар билан учрашди.

Ёшлар билан учрашувда бугунги кунда Президентимиз томонидан барча соҳалар қатори спортни ривожлантириш, юртимиз байроғини дунёга танитадиган спортчиларни етиштириб чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси Қорақалпоғистон бўлимига Президент совғаси – махсус автотранспорт, бир гуруҳ ёшларга спорт велосипедлари топширилди.

Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Сенат Раиси Т.Норбоева Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов билан биргаликда Нукус шаҳридаги Боз овул маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган маҳалла сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Уй шароитида даромад топиш борасида ташкил этилган ишлар кўздан кечирилиб, маҳалла фаоллари билан аҳоли билан ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.




Сенат Раиси шундан сўнг ҳудуд аҳолиси билан яқиндан мулоқот қилиб, юртимизда кенг нишонланаётган, бағрикенглик ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз байрами доирасида сумалак сайлида иштирок этди ва ўзининг эзгу тилакларини билдирди.


Ташриф доирасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева Вазирлар Маҳкамасида ташкил этилган Ижтимоий-сиёсий вазият штаби фаолияти, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш борасида рақамлаштириш ишларининг олиб борилиши билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, махсус штаб томонидан бугунги кунда халқимизнинг бевосита кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган масалалар, учраётган турли муаммолар доимий равишда ўрганиб борилиши йўлга қўйилган бўлиб, бу муаммолар назоратга олинмоқда ва ечимини топиш бўйича тегишли чоралар ўз вақтида кўрилмоқда.

Шу билан бирга, таълим, бозор хизматларини кўрсатиш каби айрим соҳаларда учраётган коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, бу борада зарур чора-тадбирларнинг олиб борилиши, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича Ҳудудий кенгаш томонидан махсус ишлаб чиқилган янги платформа, қонун ҳужжатлари билан боғлиқ махсус таклифлар тақдимоти ўтказилди.
Шундан сўнг, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича белгилаб олинган устувор вазифаларни амалга ошириш масалалари фаол хотин-қизлар ва мутасаддилар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Ўтказилган тадбир давомида йиллар давомида ҳужжатлари йўқлиги сабабли турмуш қийинчиликларига дуч келиб юрган республикамиз ҳудудида доимий яшаб келган 31 нафар фуқарога Президентимиз фармони билан фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлари топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.