Ҳар байрамда яхши ният, орзулар. Йилдан-йилга ўйларимиз амалга ошмоқда

332

Ҳар йилгидек Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Наврўз»га бағишланган тадбирлар камида бир-икки кун давом этади. Бу йилги байрам тадбирлари ҳам сумалак сайли билан бошланди. 27 март куни институтнинг 1-сонли талабалар турар жойи олдида «Наврўз» умумхалқ байрами муносабати билан сумалак сайли бўлиб ўтди.

Институт ректори Қувондиқ Қодиров ва ректорат вакиллари, шунингдек, ёши улуғ профессор-ўқитувчилар байрам сайлида иштирок этиб, барчани миллатнинг улуғ куни билан табриклади.

Катта қозонларда қайнаётган байрам таоми – сумалакни аралаштириб, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.

Шу куни байрам сайли «Navro‘z Party» кечаси билан давом этди. Талаба-ёшлар байрам муносабати билан ўтказилган кечада ёқимли куйлар остида ўйнаб-кулиб, бир-бирларини байрам билан табриклаб кўтаринки ва мазмунли дам олишди.

Шу куни байрамга бағишлаб ўтказиладиган катта тадбирга тайёргарликлар ҳам кўрилди.

Бугун институтдаги Наврўз саиллари яхши ниятлар билан бошланиб, саилда Наврўз таоми бўлган сумалак қайнатилган катта чўлан қозонлар ёши катта устозлар раҳбарлигида очилиб, яхши ниятлар тиланди. Шунингдек, институт жамоаси, талаба-ёшлари ва сайр меҳмонлари учун байрам таомларини тайёрлашга киришиб, байрам тадбирлари бошланиб кетди.

Институт спорт майдончасида талаба-ёшлар ва ҳудуд аҳолиси иштирокида миллий спорт ўйинларимиз бўлган ланки тепиш, арқон тортиш, тош кўтариш, кураш, қўл тираши бўйича мусобақалар ўтказилиб ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантириб борилди.

Институтнинг бош ўқув биноси олдида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» номли байрам сайли ва театрлаштирилган мусиқий-хореографик концерт дастури бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, таниқли зиёлилар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, шунингдек, институт атрофидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида институт ректори Қ.Қодиров сўзга чиқиб, барча иштирокчилар ва меҳмонларни миллатнинг улуғ куни, шарқ халқларининг янгиланиш ва яшариш айёми, минг йиллардан буён маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган – Наврўз байрами билан табриклади.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олий таълим соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари, айниқса, сўнгги йилларда Нукус давлат педагогика институтининг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида қилинаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, шундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган институт талаба-ёшларининг қўлга киритаётган ютуқлари алоҳида таъкидланди.

Жорий ўқув йилининг ўзида педагогика институти ёшлари орасидан 2 та Ўзбекистон Республикаси Президенти ва 15 та номдор давлат стипендиялари танловлари, шунингдек, 13 та Ажиниёз Қосибой ўғли номидаги стипендия танлови ғолиблари етишиб чиққани, шунингдек, спорт соҳасида бир неча бор жаҳон, Осиё биринчиликлари, Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда адабиёт, санъат, маданият соҳалари бўйича Зулфия номидаги, шунингдек, «Ниҳол», «Мард ўғлон» давлат мукофотлари ҳамда бирнечта халқаро танловлар, фан олимпиадалари ғолиблари ушбу даргоҳда таҳсил олаётгани кўнгилларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ўтган йил педагогика институти тарихида улкан воқеаларга, ижобий ўзгаришларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги натижасида давлат бюджети ҳисобидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилиб, замонавий типда қуриб битказилган 2 минг ўринли янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши республикамиздаги тўнғич таълим масканининг 90 йиллик тўйига муносиб байрам совғаси бўлди.

Янги ўқув биносида замонавий ўқув ва маъруза аудиториялари, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар, IT-инкубация, ахборот-ресурс марказлари, регистратор офиси ва бошқа кўплаб имкониятлар яратилган.

Президентимизнинг «Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ институтга исми берилган улуғ шоирнинг юбилейи республика ва халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ушбу сана ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар қаторига киритилгани халқимизни чексиз қувонтирди.

Юбилей доирасида институтда Ажиниёз музейи ташкил этилиб, республика ва халқаро илмий-адабий тадбирлар юқори савияда ўтказилди.

Театрлаштирилган концерт дастурида институтнинг «Тўмарис» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Сий перде», «Дугоналар», «Тараннум» ва бошқа ансамбллари, «Турон» театр-студияси, шунингдек, бир гуруҳ иқтидорли талабалар, институт битирувчилари томонидан миллий урф-одатлар, анъаналар акс этган саҳна кўринишлари, қўшиқлар, рақслар ижро этилиб, миллатлараро тотувликни тараннум этувчи қорақалпоқча, ўзбекча, қозоқча, туркманча, қирғизча, русча, шунингдек, классик қўшиқлар ижро этилди ва йиғилганларга байрам кайфиятини улашди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар йилгидек бу йил ҳам Нукус давлат педагогика институти жамоаси улуснинг улуғ куни – Наврўз байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлади.

 

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги