Саҳнани  тебратган  «Шуъла»

470

Сўнгги вақтларда байрам концертларида, телекўрсатувларда ва ижтимоий тармоқларда қорақалпоқ халқининг миллий ўйинларини ижро этиб, халқимизнинг эътиборига тушиб келаётган Тахиатош тумани 7-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг «Шуъла» ансамбли жорий йилнинг 26-27 март кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган ёш истеъдодларнинг «Бухоро садолари» номли республика танловида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Ёш хонанда Меҳрибон Тилеумуратова ижросидаги «Чавандоз» қўшиғига саҳнани ларзага келтириб, томошабинни ўзига тортгандек чаққонлик билан рақс ижро этган ансамбль аъзоларини ҳакамлар биринчи ўринга лойиқ деб баҳолади.

Ансамбль бундан аввал ҳам юртимиздаги ва халқаро танловларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Хусусан, 2021 йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикасининг «ART SILK WAY» танловида иштирок этиб энг юқори мукофот гран-при, ўша йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикасининг «Шарқ атир гули» номли танловида биринчи ўринни эгаллаб, фестивалда «Энг яхши ўйин» номинациясига лойиқ топилди. Шунингдек, 2021 йилда Тахиатош тумани ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган «Мукофотлаш 2022» кечасида «Халқаро танловлардаги хизмати учун» номинацияси билан тақдирланди. Шунингдек, ансамбль аъзолари ўша йили Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган Наврўз умумхалқ байрамида ўз чиқишлари билан иштирок этиб қайтди. 2023 йил 5-6 ноябрда Қозоғистон Республикасининг «Бахтли элнинг авлоди» номли танловда энг катта соврин гран при ютиб олди ва ўша сафар давомида яна бир «Мусиқа ҳаёти» танловида гран при ва биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ансамбль шунингдек, юртимизда ўтказилаётган байрам концертларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. 2023 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги саройида бўлиб ўтган ҚВЗ танловининг филиалида фаол иштирок этиб, ўзларининг рақсларини томошабинларга тақдим этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлиб қайтди. Шунингдек, 2023 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг «Шарқ атир гули» номли танловида биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, 2024 йил ноябрь ойида Испаниянинг Тошкент шаҳрида ўтказилган «Open» мусобақасида ғолибликни қўлга киритган.

«Шуъла» ансамбли 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, уни истеъдодли раққос Ажиниёз Аширов бошқариб келмоқда.


– Ансамблни тузган пайтимизда 12 нафар ўғил ва 12 нафар қиз бола билан бошлаган бўлсак, ҳозирда уларнинг сафи кенгайиб, рақсга қизиқувчи болалар сони ортиб бормоқда. Ота-оналар болаларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши ва бекор юрмаслиги учун онамизга олиб келади. Албатта, улар орасидан рақсга қизиқадиган ва иқтидорли болаларни танлаб оламиз. Ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқ ва бошқа миллат вакилларининг рақслари репертуаримиздан ўрин олган. Келгусида янада жозибали рақсларни саҳналаштириб, халқимиз эътиборига ҳавола этишни режалаштирмоқдамиз, – дейди Ажиниёз Аширов.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги