Ўттиз икки йиллик муаммо ижобий ҳал этилди

243

Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони талабларидан келиб чиқиб, адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали аҳоли орасида ҳуқуқий муаммони аниқлаш, таҳлил этиш ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ ишлар самарали ташкил этилмоқда.

– Хусусан, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинида ўтказилган хатлов натижасида ушбу ҳудудда яшаб келаётган Мадешова Тазегул Жахиевнанинг 1993 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоси тегишли тартибда рўйхатга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани адлия бўлими бошлиғи Казбек Палўаниязов. – Ҳуқуқий муаммони ўрганиш давомида фуқаро Т.Мадешова 1969 йил 27 август куни Туркманистон Республикаси Дашогуз вилояти  Кўна Урганч туманида туғилганлиги, оила қурганлиги сабабли 1993 йилдан буён “Аспантай” овул фуқаролар йиғинида яшаб келаётганлиги, 1997 йили мазкур маҳаллада яшовчи фуқаро Кошекеев Шопбай Жумабаевич билан қонуний никоҳдан ўтганлиги, 2 нафар фарзанди борлиги аниқланди.

Туман адлия бўлими томонидан фуқаро Т.Мадешованинг Ўзбекистон Республикасида яшаганлик фактини тасдиқлаш юзасидан судга ариза киритиб, ариза суд томонидан қаноатлантирилди. Натижада, фуқаро Т.Мадешовага Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-картаси берилиб, ҳуқуқий муаммо ижобий ҳал этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири