Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, соҳада яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ҳамда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Урганч ва Тошкент шаҳарларида жойлашган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўтказилган учрашувларда ҳам асосий эътибор лицензия талаб ва шартларига кўра, ишлаб чиқариш қувватларининг бажарилиши, соҳада замонавий технологиялардан унумли фойдаланишнинг самарадорлигига қаратилди.
Жумладан, 2025 йил 20 февралдаги “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Инспекцияси ахборот хизмати маълумотларига кўра, соҳада самарали назорат тизимини жорий этиш борасида 3 та тамаки, 6 та спирт, 37 та алкоголь ишлаб чиқарувчи, 41 та импортёр, 207 та улгуржи ва 6457 та чакана савдо субъекти хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон реестри шакллантирилди. Алкоголь ишлаб чиқарувчи 55 та корхонада лицензия мавжуд бўлиб, 31 таси ароқ ва ликёр-ароқ, 8 таси вино ва коньяк, 16 таси виноматериал ва коньяк дистиллияти ишлаб чиқаради. 139 та алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси ва 4365 та чакана савдоси билан шуғулланувчи корхона мавжуд.

Инспекция ходимлари томонидан корхоналарда ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида ишлаб чиқариш фаолияти, техник ва технологик талабларнинг ижроси, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиш ҳолатлари ҳамда ишчи-ходимларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми тўғрисида ахборот берувчи электрон ҳисоблагичлар белгиланган тартибда муҳрланмоқда.
Бу эса, тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга, яширин иқтисодий фаолиятнинг олдини олиш, бизнесда даромадларнинг ўсиши, жараёнларни оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш, таъминот занжири бўйлаб маҳсулотларнинг ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларга киришга имкон яратади.
Инспекция томонидан мазкур йўналишдаги тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА