Финляндия Тинчлик жамғармаси билан алоқа мустаҳкамланмоқда

229

Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов Марти Ахтисаари номидаги Тинчлик жамғармаси (СМI)нинг Осиё бўйича дастурлар катта менежери M.Kуккoнeн-Kaрлaндeр раҳбарлигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Мулоқотдан кўзланган мақсад биргаликда илмий тадқиқот олиб бориш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Финляндиянинг собиқ Президенти Марти Ахтисаари томонидан ташкил этилган мазкур фонд тинчликни тиклаш, можароларни ҳал этиш соҳасида 25 йиллик тажрибага эга. Дунёнинг турли минтақалари, хусусан Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Корея ярим оролида фаолиятини ривожлантириш устида жадал ишламоқда.

Финляндиялик экспертлар Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида илгари сурилаётган яхши қўшничилик ва очиқ мулоқот сиёсати қўшни мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, фаровонлик ва барқарорлик учун шароит яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ишига улкан ҳисса қўшаётганини таъкидладилар. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлашга қартилган халқаро кун тартибида акс этиб, давлатлар ўртасидаги прагматик ва конструктив ҳамкорликнинг беқиёс аҳамиятини тасдиқламоқда.

Шу нуқтаи назардан жаноб Кукконен-Карландер яқинда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммоси муваффақиятли ҳал қилинганини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, айни жараён бошқа минтақалар учун ўзига хос намуна бўла олади.

Ташкилот масъуллари шу каби тинчлик ташаббусларини илгари суриш давом этишига ишонч билдираркан, Марказий Осиёда барқарор тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқладилар.

Учрашув якунида илмий тадқиқот бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиёда ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган умумий лойиҳалар устида биргаликда фаол иш олиб бориш нияти тасдиқланди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА