Тадбиркорлик фаолиятидаги ҳуқуқий кафолатларга изоҳ берилди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ташаббуси билан Бизнес омбудсман девони масъул вакили иштирокида ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари ва махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда божхона соҳасида ташқи иқтисодий фаолият йўналишида яратилаётган шароитлар билан бир қаторда, эндиликда, божхона органи томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган “Камерал” ва “Сайёр” божхона аудитлари “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиниши орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этган ҳолда амалга оширилиши тартиботлари бўйича тўлиқ ахборот берилди.
Ҳар бир корхонага нисбатан ўтказиладиган аудитларнинг қонуний ва ҳаққоний бўлиши шартлари, ўтказилиши тартиблари ва муддатлари ўзаро мулоқот шаклида ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига етказилди.
Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун товарларни қайта ишлаш жараёнларида яратилаётган қулайликлар, ишлаб чиқариш жараёнларини «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимидан фойдаланган ҳолда ташкил этишнинг афзалликлари амалий мисоллар билан тушунтириб берилди.





Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикасида йил бошидан жами 5 та корхона томонидан қиймати 1 млн АҚШ долларига тенг товарлар «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимига расмийлаштирилиб, шундан қиймати 470 минг АҚШ долларига тенг товарлар қайта ишланган ҳолда экспорт қилиниши таъминланган.
Тадбир якунида ТИФ иштирокчилари мавзуга доир ўзларини қизиқтирган саволларга соҳавий тузилма раҳбарлари ва бизнес омбудсман вакилидан тегишли жавоблар олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги