Аҳолининг ерга оид муаммолари ҳал этилмоқда

Аҳолининг кадастр соҳасидаги мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси раисининг биринчи ўринбосари Нозимжон Иномов раҳбарлигида Нукус шаҳрида сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда соҳа бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал этишга ҳаракат қилинди.
– Бугунги сайёр қабулда менинг ҳам муаммом кўриб чиқилди. Яъни, Тахиатош туманида 3,2 гектарлик ер майдонида жойлашган иссиқхонамиз бор эди. Ўша ерга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер сифатида эмас, балки тўлиқ ставкада солиқ тўлаётган эдик. Кадастр раҳбарлари мурожаатимни эшитиб, ерни қишлоқ хўжалиги ери сифатида хатловдан ўтказадиган бўлди. Шундай ёрдами учун соҳа раҳбарларидан миннатдормиз, – дейди қабулга келган фуқаролардан бири Воҳид Қурбониёзов.



Қабулда жами 25 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 14 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатларни ўрганиб чиқиш учун мутахассисларга топшириқлар берилиб, ҳуқуқий жиҳатлари тушунтирилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги