Ўзбекистон ва Грузия: туризм соҳасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Олий Мажлис Сенатига Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Котария Давид ташриф буюрди.
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари О.Маматкаримов билан мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдириб, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма саёҳатлар ташкил этиш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Учрашувда 5-9 апрель кунлари Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150 – юбилей ассамблеяси ўтказилиши ҳақида фикр алмашилди. Элчи Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили бошчилигидаги 14 нафар делегация аъзоси мазкур анжуманда иштирок этишини маълум қилди.
Шунингдек, К.Давид Грузияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари катта эътирофга сазовор бўлаётганини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА