Ишларни янада оммалаштириш зарурлиги таъкидланди

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида меҳнат ҳуқуқи, касб-ҳунарга ўқитиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва бошқа олиб борилаётган ишлар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг масъул мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда вазир ўринбосари М.Раметов сўзга чиқиб, вазирлик томонидан республикамизда олиб борилаётган ишларга кенг тўхталиб ўтди. Шундан сўнг вазирликнинг Меҳнат қонунчилиги, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосида инспекция томонидан олиб борилаётган ишлар бўйича кенг тушунтириш берилди.
Ҳудудларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари самарадорлигига эришишда янги ислоҳот ва тўпланган миллий тажрибаларни янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида Президентимиз томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу фармон ва қарорларга асосан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тасдиқланди ва дастур асосида ўтган 2024 йилдан бошлаб «Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият» тамойили асосида камбағал оилаларга индивидуал хизмат кўрсатиш режалари шакллантирилиши белгилаб олинди. Ушбу тамойиллар асосида ўтган 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйича жами 16 минг 659 та оила ва унинг 51 мингдан ортиқ оила аъзолари камбағалликдан чиқарилиб, республика бўйича камбағаллик даражаси 13,6 фоиздан 10,8 фоизга туширилишига эришилган.
Бугунги кунда, камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича кунлик мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида «Камбағал оилалар реестри»га киритилган 20 минг 903 та оилага камбағалликдан чиқариш бўйича «индивидуал режа»лар тузилган (республика бўйича жами 29 минг 59 та оила камбағал оилалар реестрига киритилган, 71,9%).
Жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 771 та камбағал оила ва 21 минг 234 та камбағал оила аъзоларига доимий бандлик хизматлари кўрсатилди.
Қарорга асосан, республика бўйича жами 951 (шундан, 251 республика, 700 туман ва шаҳар) давлат ташкилотлари раҳбарлари энг оғир аҳволдаги 4 минг 750 та камбағал оилага бириктирилди.
Бунда, бириктирилган масъулларга қуйидаги вазифалар амалга оширилиши белгилаб берилди. Оилаларнинг камбағаллик ҳолатига тушиш сабабларини ўрганиб, «маҳалла еттилиги» томонидан оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилишини таъминлаш, «маҳалла еттилиги» тижорат банклари, етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда оилаларнинг ўз томорқа имкониятларидан самарали фойдаланишига, қизиқиши бўлган шахсларнинг ўзини-ўзи банд қилишига ва тадбиркорликни йўлга қўйишига, оила аъзолари, хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва чет тилини ўрганишига, уларга бўш иш ўринларини топишга ва ишга жойлашишига кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар, мотороллерлар, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни фоизсиз қарз эвазига олиб бериш.
Бириктирилган раҳбарлар томонидан ҳар ойда 2 маротаба камбағал оилалардан хабар олиш ва «online.mahalla.uz» платформасида ҳоким ёрдамчилари планшети орқали, бириктирилган раҳбарларнинг бармоқ (Тоуч-ИД) қолдиришини белгиловчи дастур ишга туширилди.
Дастур асосида ўтган 2024 йилда республикамиздаги энг оғир аҳволдаги 96 та маҳалла танлаб олинди. Ушбу маҳаллаларда томорқа ерларини суғоришни яхшилаш, электр энергиясининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш, интернет сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилмани яхшилаш мақсадлари учун жами 318 млрд.сўмлик манзилли рўйхат шакллантирилди.
Бу ишларни уч босқичда амалга ошириш режалаштирилиб олинди ва ушбу маҳаллаларга республика даражасидаги давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бириктирилиб, улар ҳар ойда бир маротаба ўзига бириктирилган маҳаллаларга бориб, юқорида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишини ва юзага келган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш белгилаб берилди.
Аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Президентимизнинг ПҚ-12 сонли қарорига асосан жорий йилда 125 минг 831 аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш дастури ишлаб чиқилди. Бунда, тижорат банклари томонидан жами 86 минг 383 нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида 23 минг 931 нафар, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобидан 9 минг 892 нафар, қурилиш соҳасида 5 минг 625 нафар аҳолини банд қилиш белгиланди.
Натижаларга эришишда асосан тижорат банклари томонидан ўтган даврда «Оилавий тадбиркорлик дастурлари» доирасида 121,5 млрд сўмлик, «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури асосида 54,3 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ва туман Бандлик органлари томонидан 8,5 мингдан ортиқ ишсиз фуқаролар корхона ва ташкилотлардаги бўш ва захираланган иш ўринларига ишга жойлаштирилди.
Бугунги кунда республика бўйича жами 2 616 та бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги аниқланган. Шундан, давлат идораларида 2 196 та иш ўрни, хусусий корхоналарда 420 та иш ўрнини ташкил этади.
Ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги ишсизларнинг ўз хоҳишлари ва меҳнат бозоридаги талабдан келиб чиқиб, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга қамраб олмоқда.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида жорий йилда жами 125 минг 831 нафар аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва ишсизлик даражасини 5,4 фоизга тушириш чораларини кўриш, 101 минг 393 нафар (22 минг 131 та оила) аҳолини камбағалликдан чиқариш ва камбағаллик даражасини 7,6 фоизга тушириш, энг оғир аҳволдаги 96 та маҳалланинг томорқа ерларини суғоришни яхшилаш, электр энергиясининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш, интернет сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилмани яхшилаш ишларини тўлиқ олиб бориш режалаштирилган.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан мутахассисларга соҳага оид саволлар берилиб, тегишли жавоблар олинди. Давра суҳбати шаклида ўтказилган мазкур тадбирда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш, фуқароларни иш билан таъминлашда, шунингдек, камбағалликни қисқартиришда олиб борилаётган ишларни янада оммалаштириш бўйича келишиб олинди.






Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги