Ўзбекистонлик олимлар халқаро конференцияда биринчи ўринга лойиқ топилди

288

Америка Қўшма Штатларининг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида жорий йилнинг 23-27 март кунлари, АҚШ Метал, минераллар ва материаллар ташкилоти томонидан “TMS Annual meeting-2025” жаҳон конференцияси ташкил этилди.

Унда аэрокосмик, машинасозлик ва илғор материаллар бўйича дунёнинг кўзга кўринган ташкилотлари, корхоналар ва таълим даргоҳларидан 4000 нафардан ортиқ олимлар этди.

Ажуманда Ўзбекистон жамоаси ҳам “Юқори энтропияли қотишмаларнинг микроструктураси ва механик хоссаларига турли иссиқликдаги тоблаш (аннеалинг) давомийликларининг таъсири чуқур таҳлили” мавзусида илмий иш билан иштирок этди.

Ушбу кашфиётнинг аҳамияти шундаки, унда ҳозирги кунда долзарб ҳисобланган янги турдаги замонавий материалларнинг юқори ҳароратга мустаҳкамлигини таъминлаш йўллари ёритиб берилган. Уларнинг механик хусусиятларини сақлаган ҳолда, нано ўлчамда структуравий ўзгаришлари ҳақида баён этилган.

Тадқиқот замонавий материалшунослик йўналишидаги долзарб муаммоларга ечим таклиф қилгани учун халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди ва биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

Маълумот учун, ушбу тадбирда ўз илмий кашфиёти билан иштирок этган техника фанлари доктори, профессор Элёржон Жумаев, дунёнинг кўзга кўринган ташкилотлари жумладан, “Hyundai Motors”, “Samsung”, “NASA” va “Oak Ridge” миллий лабораториялари лойиҳаларида фаолият юритган ёш ўзбек олимидир. У 350 дан ортиқ янги турдаги материалларни кашф қилган, 7 тадан ортиқ халқаро патент ва 16 дан зиёд дунёнинг етакчи журналларида илмий мақолалари чоп этилган.

ЎзА