Депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

“Адолат” СДП томонидан маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари учун “Маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Ўтган йилги сайловда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар партия сайловолди дастурида белгиланган мақсадларни рўёбга чиқариш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этишлари зарур. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашларда депутатлик ишини самарали ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш, депутатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда ташкил этилган семинарда депутатларнинг ваколат ва масъулияти, уларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки, маҳаллий даражадаги муаммоларни парламент минбарига олиб чиқиш механизмлари ва самарали ҳамкорлик йўллари бўйича батафсил маълумотлар берилди.


– Партиямиздан кўрсатилган номзодлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 21 нафар номзодимиз депутат этиб сайланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларига 103 нафар (45 нафари ёки 41,7 фоизи хотин-қизлар), халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига эса 752 нафар (278 нафари ёки 37 фоизи хотин-қизлар)ни ташкил этди. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, партиямиздан депутатликка номзодлар кўрсатишда бевосита гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратилган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, вилоят Кенгашларида 14 та, туман ва шаҳар Кенгашларида 188 та депутатлик гуруҳлари тузилишига эришилди. Бу эса, ўз навбатида, “Адолат” СДП нафақат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, балки маҳаллий Кенгашларда ҳам катта кучга эга эканини кўрсатади. Биз бу кучнинг албатта, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиб, ижобий натижага эришиш йўлида хизмат қилишини мақсад қилганмиз, – деди партия раҳбари Робахон Маҳмудова.


Семинарда маърузачилар томонидан депутатларнинг ҳудудлардаги фаолиятини янада жонлантириш, халқ манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун зарур механизмлар, шунингдек, маҳаллий ва марказий давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари, депутатнинг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳамда уларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини кучайтириш, депутат фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида кенг маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг таклиф ва фикрлари тингланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА