Ер эгасиз эмас

372

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.

Унда ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш борасида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги, Кадастрлар палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишини таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта муомалага киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, айрим ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ноқонуний қурилмалар қуриш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учрамоқда.

Йиғилишда қарор ижросини таъминлаш, ер ресурслари талон-торожлиги, ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини олдини олишга қаратилган ишлар танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, келгусида вазифаларни самарали амалга ошириш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, бу бўйича соҳа масъулларига топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири