Ўзбекистон ва MBZUAI сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли Муҳаммад бин Зайд Сунъий Интеллект Университети (MBZUAI) Глобал ҳамкорлик бўйича витсе-президенти Лилй Бурнс билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва MBZUAI ўртасидаги сунъий интеллект йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар сунъий интеллект бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассислар ва талабалар учун янги таълим дастурларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, IT ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон мутахассисларини илғор технологиялар бўйича малака ошириш дастурларига жалб этиш ҳамда академик ва илмий алмашинувларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, сунъий интеллект соҳаси учун етук кадрлар тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш, янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг рақамли трансформация жараёнларини тезлаштириш билан бирга, сунъий интеллект соҳасида илғор билим ва тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Н.Раҳмонова, ЎзА