Бахши қизнинг «Чавандоз»и

Чавандоз, от белида чавандоз,
Арғумоғи остида, ҳаммадан ўз чавандоз,-деб эшитган одамга миллий муҳаббатни орттириб, кўксингни ғурур туйғусига тўлдирадиган қўшиқ яқинда ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалиб, ютубда икки ойда 16 мингдан ортиқ кўрилган. Ушбу қўшиқни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали бахшичилик ва достончилик мутахассислиги 3 курс талабаси Меҳрибон Тилеумуратова ижро этиб, тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинмоқда.

Қонликўл туманининг Жайхун ҚФЙда туғилиб ўсган Меҳрибон болалигидан санъатга қизиқиши юқори бўлган. Лекин, оила аъзоларининг қаршилиги туфайли у санъатга кеч бўлса ҳам кириб келади. Яъни, мактабда 11 синфда ўқиб юрган кезларида қорақалпоқ халқининг миллий ола мўйноқ дуторини чалиб ўргана бошлайди. Дутор чалишнинг турли сирларини ўргатиб, бахшичилик санъатига қизиқишига сабабчи бўлган устози, пойтахтимиздаги 12-сонли болалар мусиқа мактаби ўқитувчиси Сапаргул Башерова унинг ёрқин келажагига йўл очган биринчи устозидир. Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон халқ бахшиси Гулбаҳор Ақимбетова унинг истеъдодини қўллаб-қувватлаб, ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда. У қорақалпоқ халқ қўшиқлари ва достонларидан парчалар ижро этиб бир неча танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда «Эсжон бахши авлодлари» танловининг республика босқичида сертификат билан тақдирланган бўлса, Қозоғистонда ўтказилган Дрии фест халқаро фестивалида қатнашиб гран прига сазовор бўлган бўлса, 2024 йилда Россия давлатида ўтказилган «Седмой зима» танловида онлайн тарзда қатнашиб фахрли биринчи ўринни ва «Санъат сеҳри» танловида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлади.
Меҳрибон қўшиқ айтиш билан бирга ўқув юртида дарсларидан яхши баҳоларга улгуриши натижасида, Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди. -Ҳозирги вақтда устозим Гулбаҳор Ақимбетова билан янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Келажакда халқимизга манзур бўладиган миллий қўшиқлар, достонларни ижро этиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлишни ният қилганман, – дейди Меҳрибон.

Юртимизда Наврўз шодиёналари давом этиб, жойларда бўлаётган байрам томошаларида санъаткорлар ўзларининг концерт дастурлари билан халқимизга кўтаринки кайфият улашмоқда. Меҳрибон ҳам пойтахтимизда бўлиб ўтган Наврўз байрамига бағишланган концерт дастурида «Чавандоз» қўшиғини ижро этиб томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Достонлар ижро этишни ният қилиб, тинимсиз тайёргарликлар билан банд бўлиб турган ёш бахши қизимизнинг келажаги ойдин бўлишини тилаймиз.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги