Коррупцияга қарши курашиш ишлари танқидий кўриб чиқилди

Республика идоралараро ишчи гуруҳининг Қорақалпоғистон Республикаси Беруний, Тўрткўл, Кегейли, Нукус туманлари ва Нукус шаҳридаги ўрганишлари якунлари, коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган профилактик чоралар Ҳудудий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
— Уч кун мобайнида соғлиқни сақлаш, бандлик, мактабгача ва мактаб таълими, кадастр-қурилиш соҳаларида 20 дан ортиқ объект ҳамда маҳаллаларда ўрганишлар ўтказдик. Ўрганишларимиз мобайнида ушбу соҳаларда коррупциянинг олдини олиш йўналишида айрим ишлар самарали ташкил этилмаганлиги ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида «инсон омили» ҳамон сақланиб қолаётганлиги аниқланди. Шу боис, олдимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, бу борада айниқса, ҳудудий Кенгаш фаоллигини ошириш, унинг аъзолари масъулиятини кучайтириш бўйича кечиктириб бўлмас вазифалар турибди, — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов.
Йиғилишда ўрганиш якунлари бўйича туман-шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва бошқа тегишли масьуллар билан мавжуд коррупциявий омилларни бартараф этиш ва коррупциявий жиноятларни кескин камайтиришга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.






Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлардан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳар ойда бир марта танлаб олинган соҳа бўйича коррупциявий омилларни ўрганиш ва таклифлар бериш ҳамда ушбу соҳа раҳбарларининг ахборотларини эшитиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда Тўрткўл туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш белгиланди.
Шунингдек, Ҳудудий кенгашнинг янгиланган йиллик иш режаси тасдиқланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги