Афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами

Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ халқимизнинг бағрикенглиги ва қўллаб-қувватлаши рамзи сифатида Наврўз умумхалқ байрами ҳамда яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами Афғонистон аҳолисига –қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ўрин олган ун, буғдой, макарон, ўсимлик ёғи, шакар, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия, мош маҳсулотлари Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси ҳудудида Президентимизнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Мудофаа, Транспорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Ташқи ишлар вазирликлари мутасаддилари, Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томоннинг бошқа расмийлари иштирокида топширилди.
Мозори Шариф шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказилиб, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан ҳам танишилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда бунёд этилаётган Имом Бухорий мақбараси қурилиши ҳақида ҳам алоҳида фикр алмашилди.
Ён қўшни мамлакат расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири