Байрам тадбирлари унутилмас таассуротлар қолдирди

405

Ўлкамизнинг барча ҳудудларида яшариш ва янгиланиш байрами бўлган Наврўз умумхалқ байрами «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Беруний туманида ўтказилган байрам тадбири йиғилганларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тантанали тадбирни Беруний тумани ҳокими И.Хидиров очиб берди ва туман аҳлини байрам билан самимий табриклади.

– Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади.

Наврўз байрами мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан  қатъи назар, барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига, энг севимли ва ардоқли аййёмга айлангани билан  чексиз фахрланамиз, – дея таъкидлади ҳоким ўз нутқида.

Беруний туманида ўтказилган байрам тантаналари миллатлараро тотувликни акс эттириб, туманда аҳил яшаётган 12 миллат ва элат вакилларининг миллий қиёфаларини акс эттирувчи сайилга айланди.

Қора уйлар ўрнатилиб, турли миллат вакилларининг урф-одатлари намойиш этилди. Баҳор нафасига ҳамоҳанг қўшиқлар ва рақслар барчага байрам кайфиятини улашди, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Мушоира кечаси, китоблар кўргазмаси, спорт ва миллий ўйинлар Наврўз байрамига янада кўтаринки руҳ бағишлади.



Байрам якунида туман ҳокими И.Хидиров иштирокчиларни тақдирлади.

Тантанали байрам тадбирлари ҳудудларда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги