Ўзбекистон ва Хитой: стратегик ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари стратегик даражага кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Ҳудудлараро алоқалар изчил кенгайиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, икки давлатнинг маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар иқтисодиёт, инвестиция, таълим, маданият ва туризм йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳамда парламентлараро мулоқотни фаоллаштиришга келишиб олди.
2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Хитой парламенти делегациясининг иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди. Хитой томонининг ушбу нуфузли тадбирга катта қизиқиш билдираётгани икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Мазкур учрашув Ўзбекистон – Хитой стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА