Бош прокуратура: ёқилғи ва энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилмайди
Аҳолини ёқилғи ва энергия ресурслари билан таъминлаш, бу борада талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Ёқилғи ва энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби фаолият юритмоқда.

Бош прокуратурада мазкур штабнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши Президент Администрацияси масъул ходимлари иштирокида ўтказилди.

Унда энергетика, ички ишлар ва адлия вазирликлари, департамент, солиқ қўмитаси, Ўзэнергоинспекция, “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзбекгидроэнерго” жамиятлари ва уларнинг қуйи тузилма раҳбарлари ҳамда ҳудудий ва туман (шаҳар) штаб аъзолари қатнашди.
Бош прокурор ўринбосари Шохруҳ Аминов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ёқилғи ва энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда энергоресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.
Масъулларга энергия самарадор қурилмалардан кенгроқ фойдаланилишини таъминлаш, энергия ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, энергия ресурсларининг йўқотишларини камайтириш ишларини маҳаллабай ташкил этиш борасида ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида масъул вазирлик ва идора вакилларининг ҳамда ҳудудлардаги штаб аъзоларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Н.Абдураимова, ЎзА