Янги ислоҳотлар, янги ютуқлар, янги ташаббуслар…

277

Президент фармони ҳаракатта

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси учун қабул қилинган қарор-фармонлар асосида республикамиз бўйлаб жумладан, Тахиатош туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг амалга оширилаётгани инсон манфаати ҳамма нарсадан устун турадиган юртимизда фуқароларимиз ҳаётида ўз аксини топиб, фуқаролар ўз ҳаётида бўлаётган ўзгаришлардан мамнун бўлмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жорий этилган Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибалари орқали 2024 йилда туманда 2844 та янги иш ўрни яратилди. Туманда «Сайхунобод» тажрибаси бўйича 472 нафар, «Уйчи» тажрибаси бўйича 2 014 нафар, «Зарбдор» тажрибаси бўйича 18 нафар, «Ғиждувон» тажрибаси бўйича 125 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари фуқароларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида, бугунги кун ҳолатига кўра 1041 фуқарога 13,2 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари берилди. Бунинг натижасида фуқаролар ўз бандлигини таъминлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилмоқда.

Маҳалла еттилиги томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида дастлаб уйма-уй юриб хатлов ўтказилиб, ҳар бир хонадонга кириб бориб, бир хонадонни ҳар томонлама ўрганиши натижасида 2735 фуқаро иш билан банд бўлди. 1180 дан ортиғи уйида ўзини ўзи банд қилди. Бунда фуқаролар товуқ боқиш, томорқа билан шуғулланиш орқали оиласига қўшимча даромад киритмоқда.

– Гул дўконимизга дастлаб ташқаридан буюртма асосида гулларни олдирардик. Кейин турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, банкдан имтиёзли кредит олиб, уй ёнидаги томорқамиздан иссиқхона қуриб гулларни ўзимиз экиб, етиштириб, гул дўконимизда сота бошладик. Айни пайтда иссиқхонамизда гулларнинг 15 дан ортиқ тури мавжуд. Асосан атиргулнинг уч турини етиштиряпмиз. Лимон, хурмо дарахтларимиз ҳам мева бериш арафасида. Даромадимиз яхши. Бир кунлик даромадимиз 700, 800 минг сўмни ташкил этади, – дейди Дилназа Муратова.

Янги тадбиркорлик субъектлари ҳам ташкил этилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига кўра, 320 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу жойларда ҳам қўшимча иш ўринларининг пайдо бўлиши асосида бандлиги таъминланмаган фуқаролар иш билан банд бўлди. Туманда фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 июлдаги қарорига асосан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Тахтакўпир туманидаги 14 маҳаллага 7 млрд маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан йўллар, ичимлик суви, тунги ёритиш чироқлари, пиёдалар йўлаги ва бошқа фуқароларнинг кундалик ҳаётида муаммога айланиб турган масалалар бартараф этилди. Ҳар бир соҳа бўйича инвестиция лойиҳалари мавжуд бўлиб, булар бўйича ҳам туманимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 сентябрь кунги Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК фонди ҳисобидан 44,6 млрд сўмлик 9 объектда қурилиш ишлари бошланди. Шундан, 2 та мактаб, 2 та маҳалла маркази, 5 та боғчада қурилиш ишлари бошланиб,  самарали давом этмоқда.

«Нурли келажак» ҚФЙ Тахиатош туманининг энг чекка ҳудудларидан бири. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 90 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси биноси янгидан қурилмоқда. Болалар боғчаси биноси икки қаватдан иборат бўлиб, «Нукус эркин қурилиш» МЧЖ томонидан барпо этилмоқда.

– Қишлоғимизда илгари болалар боғчаси йўқ эди. Мана болалар боғчаси қурилаётганидан чексиз хурсандмиз. Қурилиш ишлари яхши олиб бориляпти. Бунинг учун раҳбарларимизга, қурувчиларимизга миннатдормиз, – дейди қишлоқлик А.Хожаниязов.

Инвестиция лойиҳаси асосида жорий йилда янги қурилган 2 та объект фойдаланишга топширилмоқда. «Кенегес» ОФЙда 120 ўринли (ажратилган маблағ 6,3 млрд) мактабгача таълим ташкилоти, «Дўстлик» МФЙда Жиноий ишлар бўйича суд биноси (ажратилган маблағ 6,9 млрд) фойдаланишга топширилди. Туманда давлат, маҳаллий ва ички йўллар 472 км бўлиб, 2017-2023 йилларда 31 км йўллар асфалтланди. 175 км тупроқ йўлларга қум-шағал тош  аралашмаси ётқизилди. Шундан, 2024 йилда 3,1 млрд сўм маблағ ҳисобидан туман ҳудудида 22 км йўлга қум-шағал тош аралашмасини ётқизиш ишлари амалга оширилди. 800 млн сўм маблағ ҳисобидан 1 км ички йўллар асфалтланди.

Туман газ тармоқлари корхонаси ҳисобида 317 км газ тармоғи, 148 дона газ тақсимлаш пунктлари мавжуд бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун барча газ тақсимлаш пунктлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди ва 5,5 км газ тармоқлари реконструкция қилинди, 16 км электр узатиш линиялари замонавий СИП маркали кабель билан тортилди, 4 дона трансформатор пункти, жами 303 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди. Бунинг натижасида фуқаролар ўз ҳаётидан миннатдор бўлиб яшамоқда.

Туманда аҳоли сони 77 мингдан зиёд бўлса, аҳоли сони йилдан-йилга ортиб боряпти. Болаларни болалар боғчасига қамраб олиш туман бўйича 76% га етди. Туманда 18 та давлат, 5 та хусусий шериклик асосида очилган, 13 та оилавий болалар боғчаси, 22 та мактаб, 1 та ихтисослаштирилган мактаб бор. Янги инвестиция лойиҳалари асосида туманда янги мактабгача таълим ташкилотлари, янги мактаблар қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.

Туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 291,4 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлса, қурилишда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, сўнгги 11 ойда 237 млрд сўмлик  ишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан фақат Қорақалпоғистон Республикаси учун қабул қилинган қарор ва фармонлар натижасида фуқароларни узоқ вақтдан бери қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилди.

Туманда 459 нафар фуқаронинг уй-жойига кадастр ҳужжатлари берилди, 500 нафардан зиёд фуқаронинг уй-жойи томи шифер билан ёпилди.

-Уйимизнинг тепасидан ёмғир ўтиб, қийналиб қолардик. Ҳукуматимиз томонидан ёрдам берилиб, уйимизнинг томи шиферлаб берилди. Бунинг учун Президентимизга миннатдорчилигимиз чексиз, – дейди Найманкўл ҚФЙ фуқароси Б.Аширова.

Мамлакатимизда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар йўналиши Тахиатош туманида ҳам ўз аксини топмоқда. Яқинда туман ёшларининг бандлигини таъминлаш учун 30 нафар ёшга 330 бош наслли қуёнлар субсидия асосида топширилди. Ҳар бир ёшга 11 бошдан берилибгина қолмай, бу қуёнлар учун махсус катаклар ва бир ойлик маҳсулотлари билан топширилди.

– Мамлакатимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бизга субсидия асосида қуёнлар берилди. Мана ҳозир уйда қуён боқиш билан шуғулланяпман. Зарарсиз, тез кўпаядиган жонзотдан келгусида оиламизга қўшимча даромад топишни ният қилиб ўтирибман, – дейди Нургелди Мередов.

Ўлкамизга баҳор, янгиланиш фасли кириб келиши билан туманда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланиб, жойларда бу тадбирлар қизғин олиб борилмоқда. Экологиямизга «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт» йилида улкан ташаббуслар, кенг кўламли тадбирлар билан ҳисса қўшишга бел боғлаган юртдошларимиз қаторида тақятосликлар ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда туманда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланиб, жойларда бу тадбирлар қизғин олиб борилмоқда. «Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин» деган ота-боболаримизнинг эзгу тилаги билан бошланган Наврўз байрами туман аҳолисининг юзларида қувончли кайфият билан белгиланиб, шоду хуррамликда давом этмоқда.



Г.Турдишова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги