Янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Муносабат
Ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиёти, фуқаролик жамияти институтларининг эркин ва самарали фаолият юритишига боғлиқ. Янги Ўзбекистон шароитида бу борада олиб борилаётган сиёсат нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги ролини оширишга қаратилган.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли халқаро минбарлардаги маърузаларида, жамоатчилик вакиллари билан олиб бораётган очиқ мулоқотларида Ўзбекистондаги янги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим ўринга эга. Улар давлат тузилмалари ва жамият ўртасида «кўприк» вазифасини бажаради.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилган. Ҳужжат Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича қатор ўзгаришларни назарда тутади.
Жумладан, янги қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида бу соҳадаги айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари сезиларли даражада камайтирилмоқда.
Янги қонун лойиҳасида, шулар билан бирга, Фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати якуни бўйича тайёрланган ҳужжат 1 (бир) ой ичида мажбурий кўриб чиқилади. Ушбу муддатда кўриб чиқмаган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Фирибгарлик ёки талон-торожлик жинояти учун судланганлар жамоат фондини очолмайди.
Ҳар бир грант ва лойиҳа ҳақида жамоатчиликка маълумот бериб борилади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳам Солиқ кодексларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларига оид яхши таклифлар бор. Келгусида жойларда нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилган ҳолда қонун лойиҳасини муҳокама қилиш ва уни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган таклифлар олиш режалаштирилган.
Мазкур қонун нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга, уларнинг фаолияти мустақиллигини, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, очиқлигини оширишга ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Т.Романов,
«Юксалиш» ҳаракати
Қорақалпоғистон Республикаси
ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги