Судлар чинакам “адолат қўрғони”га айланмоқда

274

Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёдаги долзарб муаммолардан бири бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига, давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида изчил давлат сиёсати олиб борилмоқда. Бунинг асосий йўналишларидан бири суд тизимида ошкоралик ва адолатни таъминлашдир.

Суд органларидаги коррупция фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини сўндириб, инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилишига замин яратади. Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам айни шу жиҳатлар хусусида сўз юритилди.

Қорақалпоғистондаги барча судьялар ва тизим ходимлари иштирокидаги анжуман аввалида, Президентимизнинг шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқи ва мазкур йиғилиш тафсилотига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди  раиси А.Нурлипесовлар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва жамиятимизни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Ҳуқуқий, демократик давлат барпо этилаётган мамлакатимизда бу иллатга чек қўйиш қонун устуворлиги ва барчанинг тенглиги ҳамда ҳисобдорлигини, давлатнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беришда муҳим омил бўлишини қайд этди. Бу жараён судларни чинакам “адолат қўрғони”га айлантириш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишда судьялар зиммасига катта масъулият юклашини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда  судьялар ва тизим ходимлари ҳам сўзга чиқиб, Президент нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муҳокама қилиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидан кейин Олий суд раиси Б.Исломов ҳам мамлакатимиздаги барча судьялар корпуси ва суд ходимларига мурожаат йўллаган эди. Тадбирда мазкур мурожаат ҳам  атрофлича ўрганиб чиқилди.









Мурожаатдан келиб чиқиб суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, мазкур жараёнда судьялар ва тизим ходимларининг ўрни, иллатга қарши курашишнинг долзарб механизмлари юзасидан фикр-мулоҳаза юритилди. Унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Гулайым Ганиева,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги