Ҳамкорлик, барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Кимё ва озиқ-овқат технологиялари йўналишида замонавий илмий-технологик ва таълим ҳамкорлик, барқарор ривожланиш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ш.Аюпов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, хорижий давлатлардан олимлар, мутахассислар ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.
Конференцияни ЎзР ФА академиги, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов олиб борди.
Конференцияда асосий эътибор иқтисодиёт глобаллашуви шароитида ишлаб чиқариш соҳаси корхоналарининг долзарб муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш, шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, иқтидорли ёшларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини илмий асослаш, шунингдек, илмий ишланмалар натижаларини халқаро стандартларга жавоб берадиган инновацион усуллар ва технологияларни қўллаш орқали ишлаб чиқаришнинг тегишли тармоқларида самарали фойдаланиш ушбу фан соҳаларида тадқиқотлар олиб боришнинг муҳим мақсади эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ш.Аюповлар сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илм-фан соҳасига ва бу соҳада фаолият олиб бораётган олимларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик натижасида бугунги кунда республикамизнинг барча йўналишларда барқарор ривожланишга хизмат қила оладиган илмий кадрлар ва илмий инновациялар сони ортиб бораётганини таъкидлаб, конференция ишига муваффақиятлар тилади.
Конференциянинг асосий мақсади – кимё ва озиқ-овқат технологиялари соҳасида янги илмий ишланмаларни, инновацион технологияларни ва уларни амалиётга татбиқ этиш усулларини муҳокама қилишдир. Шунингдек, мазкур тадбирда соҳа бўйича барқарор ривожланишни таъминлаш, экологик тоза технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларида ресурсларни тежаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда кимё ва озиқ-овқат саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналишларидан бири бўлган муҳим тармоқларга айланди. Чунки бу соҳаларда қатор ислоҳотлар кенг кўламда амалга оширилиб, иқтисодий фаолиятда ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрни ва ролини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Конференция иши давом этиб, хорижий давлатлардан келган олимлар, мутахассислар ва таълим соҳаси вакиллари соҳанинг долзарб масалалари, янги илмий ютуқлар, технологик янгиликлар ва барқарор ривожланиш истиқболлари ҳақида маърузалар қилди.








Конференция куннинг иккинчи ярмида, секцияларда ўз ишини давом эттирди. Унда кимё ва озиқ-овқат технологиялари соҳасидаги инновациялар, илмий-тадқиқот ишлари ва амалий ечимлар ҳақида чуқур мулоқотлар ўтказилди. Халқаро конференциянинг мақсади – глобал миқёсда соҳада илмий ҳамкорликни ривожлантириш, янги билим ва тажриба алмашиш, барқарор ривожланиш борасида янги имкониятлар яратишдир. Тадбир, шунингдек, университетнинг илмий салоҳиятини ошириш ва халқаро миқёсда илмий тадқиқотларни самарали тарзда олиб бориш истиқболларини кўрсатди.
Иштирокчилар конференция юксак савияда ташкил этилгани, маърузалар ва секцияларда олиб борилган муҳокамалар самарали бўлганини таъкидлади. Бундай тадбирлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, янги технологиялар ва илмий ютуқларни амалиётга жорий этишда муҳим ўрин эгаллайди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги