Санъат инсонларни эзгуликка чорлайди

Мен театрга тез-тез бориб тураман, чунки театр инсоннинг маънавий ва маданий ривожланиши учун жуда муҳим.
Лекин бу ҳар кимнинг шахсий фикри. Агар сен театрдан завқ олсанг, пьесалар, спектаклларни кўриб, актёрлар маҳоратини баҳоламоқчи бўлсанг, унда тез-тез театрга бориш – бу яхши ғоя. Театр тафаккурни кенгайтиради, ҳиссиётга, ҳаётни чуқурроқ ҳис қилишга ёрдам беради, ҳамда журналист сифатида асар яратишга таъсир кўрсатиши мумкин.
Инсоннинг маънавий оламини юксалтиришда, тафаккурини чуқурлаштиришда театр санъатининг ўрни катта. Чунки санъат одамларни эзгуликка чорлайди, энг гўзал туйғуларни ҳадъя этади. Театр оддий айтганда, оддий томошахона эмас, балки тарбия, маданият, маънавият ва маърифат масканидир.
1961 йилда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти томонидан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган конгрессда 27 март – Халқаро театр куни деб белгиланган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида ушбу сана, театр санъати ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳам маданият ва санъатни, хусусан театрни ривожлантириш давлатимизнинг муҳим вазифаларидан бирига айланди.
Театр бор экан, ҳаёт гўзал. Театр деганда, энг аввало, санъатнинг улкан бир турини тушуниш керак. Шу билан бирга, театр, бу – томоша, спектаклнинг ўзи. Ижод аҳли инсон қалбининг муҳандисларидир.
Дарҳақиқат, театр ҳаёт кўзгуси, муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Унинг тарбияга йўналтирилган дарслари инсонларни инсонпарварликка чорлайди.




Театр санъати ҳеч қачон эскирмайди. Инсон телефон, интернет ва компьютер каби ахборот технологияларига қанчалик ўрганган бўлмасин, барибир маънавият маскани сифатида намуна бўладиган театрнинг ўрни бошқа. Шунинг учун, биз ёшлар театрга халқимизни, айниқса, ёшларни кенгроқ жалб қилишимиз керак.
Улдаулет Шражатдинова,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги