Янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

285

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, шунингдек, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтларини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Ушбу йўналишда изчил давом этаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, ижтимоий-иқтисодий соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур соҳадаги айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари сезиларли даражада камайтирилмоқда.

Шу билан бир қаторда, мазкур Қонун билан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларидаги нормалар ўзаро мувофиқлаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси худудий бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини ННТлар иштирокида муҳокама қилиш бўйича тадбир ташкил этилди.

Тадбирда маҳаллий ҳокимият вакиллари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда нодавлат ташкилотлари фаолияти эркинлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати тасирчанлигини оширишга қаратилган Қонун лойиҳаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги шўъба бошлиғи А. Отарбаев, ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Р. Қудияровлар томонидан тушунчалар берилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан янги қонун лойиҳаси бўйича саволлар берилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Шунингдек, тадбир якунида Ассоциация аъзолигига янгидан қабул қилинган ННТ вакилларига Ассоциация гувоҳномалари топширилди.

Адилбай Оразов,Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси