Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

234

17 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисининг биринчи кунида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда соҳанинг норматив-ҳуқуқий асослари шакллантирилганлиги, институционал ўзгаришлар амалга оширилганлиги, коррупциянинг олдини олишга қаратилган қатор амалий чоралар кўрилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Соҳага оид 10 га яқин қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 2 та қарори ва 20 дан ортиқ идоравий ҳужжат ҳамда 2 та давлат дастури тасдиқланди.

Хусусан, давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан давлат фуқаролик хизмати ислоҳ қилиниб, давлат хизматида коррупциянинг олдини олишга қаратилган механизмлар жорий этилди.

Шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими яратилди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди.

Миллий кенгаш таркибидан давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ўрин олиши орқали барча давлат ва нодавлат ташкилотларининг соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш имконияти яратилди.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди.

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маъруза тайёрлаш ва уни Олий Мажлис палаталарига киритиш амалиёти йўлга қўйилиб, ушбу жараён Конституциямизда ҳам ўз аксини топди.

Бундан ташқари, 117 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс – назорат) тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиши ҳолатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан шуғулланиб, коррупциявий омилларнинг олдини олишга, превентив чораларни кўришга эътибор қаратилмагани шулар жумласидандир.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс назорат) бўлинмаларининг ўрни ва масъулияти сезилмаяпти.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳага оид хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмаган, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаган.

Соғлиқни сақлаш, бандлик, банк соҳаларида коррупциявий ҳолатлар юқори. Соғлиқни сақлаш соҳасида – 527 та, бандлик бўйича – 447 та, банкларда – 434 та коррупциявий ҳолат қайд этилган.

Бюджетдан энг кўп маблағ оладиган вазирликлардаги коррупциявий омиллар аниқланмаган, ўрганилмаган ҳамда таҳлил қилинмаган.

Туманларда, маҳаллаларда инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби маиший коррупциявий ҳолатлар кўпайган.

Терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича фақатгина идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритиш билан чекланмоқда. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг фаолияти талабга жавоб бермайди, улар маҳаллалар билан ўзаро ҳамкорлик қилмаган.

Давлат хизматлари бўйича давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни баҳолайдиган тизим йўлга қўйилмаган. Прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг коррупциянинг олдини олиш борасидаги фаолияти талабга жавоб бермайди.

Сенаторлар Президент томонидан қайд этилган юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлашди.

Хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳудудлардаги ишлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан, жойлардаги маиший коррупцияга барҳам бериш, жиноят содир этган шахслар билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини тубдан яхшилаш лозим.

Муҳокама якунида жиноятчиликка қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан сув сарфи йилига 64 миллиард метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 миллиард метр кубгача камайган.

Бироқ изчил ислоҳотлар ва рўй берган туб ўзгаришлар, янги ривожланиш стратегиясини шакллантириш ҳамда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асосларининг ўзгариши сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда.

Қайд этилганидек, қонун билан тасдиқланаётган Сув кодексида сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган.

Жумладан, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда.

Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинади. Сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг масъулияти ортади.

Шунингдек, қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф- муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Бундан ташқари, сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилади.

Шу билан бирга, қонун халқаро сув ҳуқуқи нормаларини миллий сув қонунчилигига сингдириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мазкур тармоқда иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини оширишда катта аҳамиятга эга.

Шу билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг таваккалчи соҳаларидан бири бўлиб, иқлим ўзгариши, табиий офатлар, зараркунандалар, бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар ва бошқа хавф-хатарлар маҳсулот етиштирувчилар учун катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Таҳлиллар аграр тизимнинг ишлаб чиқариш узлуксизлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашда хатарларни бошқаришнинг энг самарали усули суғурта эканлигини кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ҳосилига зарар етказувчи (табиий офатлар оқибати)ҳамда нобуд қилувчи (кучли ёмғир, дўл, сув тошқини, довул ёки зараркунандалар) омиллар сабаб жиддий иқтисодий зарар кўрмоқда.

Соҳада асосан кредитни қайтармаслик хавфини суғурталаш амалиёти кенг фойдаланилаётган бўлса-да, бундай суғурта фақат имтиёзли кредитларни қайтарилишига хизмат қилиб, етиштириладиган ҳосил суғуртасиз қолиб кетмоқда.

Мазкур қонунда қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш билан боғлиқ барча масалалар ва тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар қамраб олинган.

Жумладан, ишлаб чиқарувчиларни турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш ва барқарор даромад олишни кафолатлаш учун Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, соҳанинг суғуртадаги йўқотишларни баҳолаш, суғурта ҳодисалари бўйича етказилган зарар миқдорини аниқлаш мустақил экспертлар томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги  таваккалчиликларини суғурталашда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми яратилмоқда.

Хусусан, суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши, суғурталанган табиий офатлар ва бошқа хатарлардан кўрадиган зарарларни қоплаш учун Қишлоқ хўжалигини суғурталаш жамғармасининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда унинг қолган қисми республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.

Суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг хавф-хатарлар туфайли етказилган зарарларининг ўрнини қоплашда ҳуқуқий асос бўлади. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши йўлга қўйилади. Таваккалчиликларни суғурталашда суғурта муносабатларини тартибга солиш ва назорат қилишнинг ягона тизими яратилади. Шу тариқа ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий барқарорлиги таъминланиб, турли хавф-хатарларнинг молиявий таъсирини камайтириш имкони пайдо бўлади ҳамда инвестициявий жозибадорлик ортиб, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун билан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ва гаровдаги мол-мулк ҳисобидан кредит қарздорликни ундириш жараёнларини соддалаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, гаровга қўйилган мол-мулк эгаси жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун ундан мол-мулки олиб қўйилса, банкларга ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, гаровдаги мулкни бозор қийматида савдога чиқариш ҳамда қайтмаган қарздорлик суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлганда, ундирувни мулкка қаратмаслик белгиланмоқда.

Қонунда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилганда ушбу мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи суд қарори билан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Қонунга кўра гаровдаги мол-мулк қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотилмаганда, давлат ижрочиси томонидан ундирувчига (банк ёки бошқа қарз берувчи ташкилот) мол-мулкни такрорий аукцион савдолари ёки савдо ташкилотлари томонидан қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада ўзида қолдириш таклифини билдириш тартиби белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда заргарлик саноатини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш борасида қилинган ишлар натижасида мазкур соҳадаги корхоналар сони 3 бараварга ортиб, 627 тага етди. Ҳозирда улардаги  ишчи ходимлар сони 3 000 нафарга яқинни ташкил этмоқда.

Қайд этиш лозимки, юртимизда заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун катта салоҳият мавжуд. Буни ўтган вақт давомидаги натижалар орқали ҳам кўришимиз мумкин.

Жумладан, 2024 йилда заргарлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 15 фоиз ўсган. Маҳсулотларнинг экспорти эса 20 фоизга ортган.

Бироқ заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг қимматбаҳо металларга бўлган талабини қаноатлантириш, уларнинг ривожланиши учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва қонунчиликда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Заргарлик соҳасида қимматбаҳо металлар ва тошлар, улардан ясалган заргарлик буюмларнинг ноқонуний айланмаси мавжудлиги, тадбиркорлик субъектларига мол-мулк ва ер солиғидаги имтиёзлар етарли эмаслиги ва яна бир қатор мавжуд муаммолар соҳадаги салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш имконини бермаяпти.

Ушбу омиллар инобатга олинган ҳолда қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Солиқ кодексига, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи ҳамда айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари кескин оширилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларнинг ноқонуний айланмасини камайтириш, шунингдек, қалбаки, асиллик даражасига мувофиқ бўлмаган заргарлик буюмлари сотилишига барҳам бериш мақсадида ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача жарималар назарда тутилмоқда.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга асосан “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг аъзолари бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 2027 йил 1 сентябрга қадар солиқ имтиёзлари татбиқ этилмоқда.

Айнан шу муддатга қадар мазкур тадбиркорларга ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ер участкалари ҳамда кўчмас мулк объектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хом ашё билан таъминланишини яхшиланишига, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, соҳа корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, аҳолининг сифатли заргарлик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ҳамда республика бюджетига чет эл валютаси ва солиқ тушумларининг кўпайишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий тизимни тубдан такомиллаштириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва муҳим аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар суд ишларини такомиллаштириш, суд қарорларининг шаффофлиги ва холислигини ошириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.

Муҳокама қилинган қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Суд жараёнида иштирок этаётган гувоҳ ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи жорий этилмоқда.

Қонун билан судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туриш, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши жорий қилинмоқда. Шунингдек, судья ваколатига ва одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда уларнинг ҳисобдор эмаслиги белгиланмоқда.

Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, фақат ўз ваколатлари доирасида масалалар киритиши кўрсатилмоқда.

Мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қонуннинг қабул қилиниши одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда Конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратилиши, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда тирбандлик масаласи аҳоли учун, айниқса, пойтахтимизда энг долзарб муаммога айланмоқда. Сўнгги 2-3 йилда Тошкент шаҳрида 7-9 баллик тирбандликлар ҳар куни кузатилаётган бўлса, айрим вақтларда мазкур ҳолат 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса йўлларда асабий ва зиддиятли ҳолатларига, йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг соатлаб вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.

Шу боис йўлларда тирбандликни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш йўналишида амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошди. Улар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши натижасида автобусларнинг қатновдаги  оралиқ интервали 2 баробарга қисқарди. Йўловчилар сони 2 баробарга ўсиб, кунлик фойдаланувчилар сони 1 миллион йўловчига етди.

Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортидан фойдаланишнинг самарадорлигини жиддий пасайиши, қатнов мунтазамлиги ва жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шаҳар автомобиль йўлларида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ажратилиб, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракати тақиқланган бўлса-да, уларнинг ушбу йўлакларда ҳаракатланиши  давом этмоқда.

Амалдаги қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларида бошқариши кўплаб кузатилмоқда ва ушбу ҳудудларда ҳаракат қатнашчиларининг хавфсизлигини ишончли таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатларидир.

Фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиши, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳаракатланишни чеклаган ҳолда аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.

Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1287-модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Жумладан, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этилмоқда.

Эндиликда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, йўлларда жамоат транспорти ҳаракатланиши учун қўшимча қулайликлар яратилишига хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мажлисда кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қайд этилди.

Муҳокама қилинган мазкур қонун ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишни, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин “Қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифати янги қонунларнинг мамлакатимиз Бош қомусига, миллий қонунчиликка, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминловчи тартиб-таомиллар ва механизмлар самарадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Айниқса, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда аҳоли ва кенг жамоатчилик билдирган фикрлари ва позицияларини ўрганиш ҳамда уларни инобатга олиш  жамият ва давлат ҳаётига оид стратегик қарорлар қабул қилишда ўта муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада муҳокамадаги қонун билан қонун лойиҳасини парламентга киритишда қонун лойиҳасининг ва халқаро шартнома лойиҳасининг (матнининг) ўтказилган ҳуқуқий экспертизаси натижаларини, шунингдек, қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизаси ва у бўйича ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этиш масалалари акс эттирилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилингунига қадар чақириб олиш тўғрисидаги норма мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектларнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти сифатини ошириш, қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини мустаҳкамлаш, халқчил ҳамда тўғридан- тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилинишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати