Элчи: Ўзбекистонда Рамазон чуқур маънавий хусусиятга эга

236

Ўзбекистон Республикасининг Қатар Давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Хўжаев “Ар-Рая” нашрига берган интервьюсида ўзига хос хусусиятга эга муборак Рамазон ойи ҳамжиҳатлик руҳи билан ажралиб туришини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Рамазон йиғинлари ижтимоий бирдамлик намойиши сифатида гўзал урф-одатларимиз билан уйғунлашиб, жамиятлар ўртасидаги мулоқотни ҳам кучайтиради. Саховат, меҳмондўстлик каби фазилатлар, оммавий ифторлик дастурхонлари ёзилиши, ислом бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатликка асосланган қадриятлар мужассам тадбирлар уюштирилиши Қатар халқига ҳам хос, албатта. Рамазон анъаналари ва таомлари борасидаги айрим фарқларга қарамай, мамлакатларимизнинг муборак ойдаги ижтимоий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳамоҳанг.

– Ўзбекистонда чуқур маънавий илдизларга эга Рамазон ойи оилалар, қариндош-уруғ ва яқинларнинг эзгу ният билан ифтор дастурхони атрофида тўпланиши, масжидларда таровиҳ намози ўқилиши, энг муҳими эҳтиёжмандларга хайр-эҳсон қилинишида намоён бўлади, – деди Элчи. – Бу ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, биродарлик муҳити ҳукм сурадиган ой.

М.Пирматова, ЎзА