Қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади

261

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қонун ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Н.Абдураимова, ЎзА