Форумда муҳим келишувларга эришилди

Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида жойлашган дунёдаги энг катта қора уйда «Ўзбекистон-Хитой» бизнес форуми бўлиб ўтди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстлик муносабатлари яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилаётганини, шунингдек, Қорақалпоғистонда инвесторлар учун яратилган шароитлар, Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фақат Қорақалпоғистон учун берилган имтиёзларни кенг тарзда таъкидлаб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари И.Ҳайдаров, Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Хитой Халқ Республикасидан келган, бизнес муҳити вакилларидан иборат делегация, маҳаллий тадбиркорлар, мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
Ўтказилган форумда республикамизнинг инвестициявий жозибадорлиги, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган имкониятлар, ресурслар салоҳияти ва бошқа муҳим йўналишлар ҳақида маълумотлар берилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Форум инвестициявий имкониятларни муҳокама қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзига хос майдонга айланди ва қатор муҳим келишувларга эришилди.

Тадбир доирасида минтақа иқтисодиётининг истиқболли тармоқлари бўйича панель муҳокамалари, «B2B» учрашувлари ва тақдимотлар ўтказилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги