Ички туризм она юртга меҳрни оширади

Пойтахтимиз Нукус шаҳрида жойлашган «Ёшлар маркази»да «Ички туризм» ярмаркаси ўтказилди. Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ошириш, маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини кенгайтиришдан иборат.
Ярмаркада Қорақалпоғистонда ўз хизматини кўрсатиб келаётган маҳаллий туристик корхоналар, жойлаштириш масканлари, шу жумладан меҳмонхона, хостел, меҳмон уйлари, шунингдек бошқа туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва талаба ёшлар иштирок этди.
Ярмарка меҳмонлари учун Нукус шаҳридаги И.Савитский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига, ҳунарманд Саламат Алламбергеновнинг уй галереясига ҳамда «Ашшикўл» бўйидаги «Қорақалпоқ этно қишлоқ» туристик объектлари бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Ярмарка давомида тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Унда «AYIM TOUR,» «MUYNAK TOUR,» «DAMIR Hotel,» Нукус халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармасининг тақдимотлари бўлиб ўтиб, йиғилганларга ўзларининг халққа хизмат кўрсатиш қулайликлари, сайёҳлар учун имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
-Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи музейи 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, 2014 йилда қайта рўйхатдан ўтди. Қорақалпоғистон Республикасида миллий маданий, тарихий, адабий меросларни ўрганувчиларга ёрдам бериш, Бердақ даврига оид тарихий меросларни ўрганувчи ёшларга қулай шароит яратиш орқали маданий, илмий, адабий йўналишдаги тадбирларни амалга оширмоқда. Музейимиздаги кўргазма заллари ҳеч бир томошабинни эътиборсиз қолдирмайди. Сўнгги пайтларда халқаро алоқалар мустаҳкамланиб, сайёҳларнинг ҳам музейимизга эътибори ортмоқда. Албатта, ички туризм бўйича олиб борилаётган ишлар йўналишида ҳам музейимизга ташриф буюрувчилар кўпаймоқда, – дейди музей илмий ходими Р.Арзиев.
Тадбир доирасида миллий ҳунармандлар кўргазмаси, сайёҳлик корхонаси ва жойлаштириш воситаларининг бугунги кундаги имкониятларини акс эттирувчи кўргазма ва тақдимотлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида ички туризмни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик юзасидан учрашувлар ташкил этилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ва ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 13-бандида ички туризмни қўллаб-қувватлаш, туристик хизматлар ва маҳсулотларни кенг тақдим этиш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризм ярмаркасини ўтказиш вазифаси белгиланган. Бу борада олиб борилаётган ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
Кўрсаткичларга келадиган бўлсак, 2024 йил давомида Қорақалпоғистонга 200,7 минг хорижий туристлар келган бўлса, ички туризм кўрсаткичи эса 2 млн. 240 мингдан ошди. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 112 та жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, шундан 30 та меҳмонхона, 51 та меҳмон уйи ва 31 та хостел ўз фаолиятини олиб бормоқда. Туристик корхоналар сони эса 67 тага етди.
Сайёҳлар сони ортиб бораётгани биз учун қувонарли ҳол, албатта. Ички туризм эса ёш авлоднинг ватанпарварлик руҳида тарбияланиб, туғилган ерга бўлган меҳрини ошириши шубҳасиз.
Г.Турдишова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги