Спорт синовларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди

308

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали меҳнатга лаёқатли инсонлар сафини янада кенгайтириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳар йили юртимиз маҳаллаларида, ўқув даргоҳларида, ташкилот ва корхоналарда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини тизимли тарзда ўтказиш вазифаси белгиланган.

Спорт вазирлигида бу йилги “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ташкил этиш тамойилларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда спорт синовларини қабул қилиш жараёнларини шаффоф, намунали ташкил этиш ва ғолибларни тақдирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида 2025-2028 йиллар учун Ягона спорт таснифини такомиллаштириш, бунда, ERP ягона спорт тизимини тўлиқлигича спорт унвонларига боғлаш таклифи ўртага ташланди. Шу билан бирга, келгусида инсон омилисиз спорт унвонларини олиш, яъни проактив тизимга ўтиш омиллари таҳлил этилди.

Шунингдек, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари негизида амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари ташкил қилиш ҳолати кўриб чиқилди.

Тақдимот давомида жорий йилги спорт синовларини ўтказиш жараёнлари бўйича масъулларга аниқ вазифаларни белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Т.Рўзиев, ЎзА