Помидордан мўл даромад топиш режалаштирилган

278

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармонида, камбағал оилаларга ёрдам чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, жумладан, фарзандларининг таълим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши, соғлиғини назорат қилиши, уй-жойини озода сақлаш каби шартлар ҳисобга олинган ҳолда кўрсатилиши белгилаб берилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Беруний туманидаги 20 та хонадонга 20 қути помидор уруғи ва ихчам иссиқхона учун зарур жиҳозлар етказиб берилди. Натижада, оила аъзолари иссиқхона шароитида кўчатларини етиштириб, томорқасига экиб, ортганини сотишни мақсад қилмоқда.

Ижтимоий реестрга киритилган фуқаро Н.Султонованинг хонадонида ҳам шундай ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда унинг оиласига маҳалла еттилиги томонидан 20 қути помидор уруғи, чиринди ва иссиқхона учун плёнкалар етказиб берилди.

– Келгусида етиштирган кўчатларни томорқамга экиб, ортган қисмини сотишдан ўртача 15 миллион сўм миқдорида даромад олишни режалаштиряпмиз, – дейди у.

Шунингдек, оиласидаги 5 сотих ерда иссиқхона ташкил этган А.Эшимбетов айни пайтда 7 мингдан зиёд помидор, булғор қалампири, карам кўчатларини етиштириб, аҳоли томорқасига экиш учун етказиб беришга тайёрламоқда. 8 йиллик тажрибага эга томорқа эгаси жорий йилда ўртача 150 миллион сўм даромад топишни режа қилган.

Аҳоли сони 6464 кишини ташкил этадиган Беруний туманидаги Беруний овул фуқаролар йиғинида, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиб, йилига 2-3 марта ҳосил олиши учун тажрибали томорқа эгалари томонидан тавсиялар бериб келинмоқда. Ҳудуднинг драйвер тармоғи чорвачилик ва деҳқончиликни ташкил этади. Маҳаллада ижтимоий реестрга киритилган оилалар сони 134 та бўлиб, шундан 61 та оила камбағал деб топилган, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги