Волонтёрларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»да фаол волонтёр ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали раҳбарлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ёшларнинг бу ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, келгусида бундай лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
– Мамлакат юксак билимли, салоҳиятли ёшлар билан ривожланади. Юртимизда замонавий дунёқарашга эга, онгли, кенг фикрга эга бўлган ёшлар камол топаётгани кўзни қувонтиради. Қорақалпоғистон волонтёрлар мактабига аъзо бўлган ёшларнинг кўпчилиги ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда. Қорақалпоғистон волонтёрлар мактаби томонидан икки ой давомида «Орол юраклари» лойиҳаси амалга оширилиб, кам таъминланган оилалар фарзандларига инглиз тили ўргатилди. Ҳар бир волонтёр 20 соат дарс ўтиб, ўз тенгдошларининг тил ўрганишига ёрдам берди, – дейди Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали матбуот хизмати бўлими бошлиғи Р.Шарапова.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси, Қорақалпоғистон волонтёрлар мактабининг махсус сертификати лойиҳада фаол иштирок этган волонтёрларга топширилди.

Шу билан бирга, «Орол юраклари» лойиҳасида алоҳида фаоллик кўрсатган ёшлар Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан «Ташаккурнома» билан ҳам тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги