Экспортёр ва қайта ишлаш корхоналари билан кооперация масалалари кўриб чиқилмоқда

Хабарингиз бор, олис Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғига ҳам бириктирилган. Ҳозирги пайтда божхона бошқармасида тузилган ишчи гуруҳ Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш масалаларини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.
Айни кунларда ишчи гуруҳ вакиллари туман аҳолисининг доимий даромад манбаларига эга бўлишини таъминлаш мақсадида уй шароитида томорқасида деҳқончилик, иссиқхоналар, чорвачилик ва паррандачилик, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш, хизмат қўрсатишни йўлга қўйиш масалалари бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ҳаким-ота овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Аманбай Тангбаев оила аъзолари билан томорқасида иссиқхона ташкил этиб, экин экиш билан биргаликда қуён боқиб кўпайтириш билан ҳам шуғулланмоқда.

“Қизил жар” овулида яшовчи Шахризода Ахмедова эса уй шароитида нон ва кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда.
Ўрганиш ишлари давомида уй шароитида меҳнат қилиб, оиласига даромад келтираётган тадбиркор аҳоли билан экспортер ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперация тузиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, 33,6 минг нафар фуқаро истиқомат қилувчи мазкур туманда ишсизлик даражаси 5,5 фоизни ташкил қилади. Юқоридаги йўналишларда ишларнинг ташкил этилиши эса, ўзини-ўзи банд қилган аҳоли сонининг ортиб, туман миқёсида ижтимоий аҳволнинг яхшиланишига замин яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги