Озарбайжон ва Арманистон навбатдаги музокарани якунлади
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик шартномаси лойиҳаси бўйича музокара якунланди. Бу ҳақда куни кеча Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов баёнот берди. Таъкидланишича, келишувни имзолашнинг асосий шарти Арманистон Конституциясига Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига даъво истисно қилинган ўзгариш киритиш эди.
Баёнотда ЕХҲТ Минск гуруҳи ва мазкур уюшмага алоқадор тузилмаларни расман тарқатиб юбориш зарурлиги ҳам таъкидланган. Якунда ўзаро мулоқотни давом эттириш ва икки давлат муносабатини меъёрига келтириш жараёни устида иш олиб бориш истаги тасдиқланди.
Аввалроқ Арманистон ТИВ Байрамовнинг шартнома матнидаги охирги икки банд бўйича келишиш тўғрисидаги гапини маъқуллаган.
Навбатдаги музокара ниҳоясига етгани ҳақидаги ахборотни журналистлар билан суҳбатда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, келишилган охирги икки банд битим кучга киргандан кейин юзага чиқадиган масалаларга тегишли: Чегара бўйлаб учинчи давлат қўшинини жойлаштирмаслик ва Халқаро идоралардаги даъвони ўзаро қайтариб олиш ва санкцияни тўхтатиш.
Арманистонга нисбатан ён бериш ҳақида сўралганда, ҳукумат бошлиғи жараён ўзаро муросага асослангани, келишувда фақат бир томонга тегишли қоида мавжуд эмаслигини таъкидлади. Пашинян Озарбайжонга Мегри орқали ҳудудий йўлак берилиши мумкинлигини ҳам изоҳлаган:
– Арманистон озарбайжонликларни ўтказишга тайёр. Бунинг шарти ҳужжатнинг охирги бандида белгилаб қўйилади.
С.Раҳимов, ЎзА