Лимитовский: ОИИБ Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия тизимини қўллаб-қувватлайди
2025 йил Давлатимиз раҳбари томонидан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши замирида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни асраш, муқобил энергиядан самарали фойдаланиш ҳамда келажак авлодга тоза экологик тизим қолдиришдек эзгу мақсадлар ётибди.
Бугунги кунда мамлакатимизда муқобил энергетика тизимига ўтиш йўлида жадал иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2026 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш белгиланган. Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) Ўзбекистонга йўналтирилган 3,1 миллиард долларлик сармояси билан мамлакатимизнинг яшил инфратузилма бўйича улкан режаларини қўллаб-қувватламоқда.
Бу ҳақда мазкур нуфузли молиявий тузилма сармоя бўйича бош директори Константин Лимитовский ўз мулоҳазаларини билдирди.
– Осиё инфратузилмавий инвестиция банкининг Ўзбекистондаги фаолияти иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган. Бизнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган бу лойиҳаларимиз мамлакатнинг 2030 йилгача электр энергиясининг 54 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариш, секторга 24 ГВт янги қувват қўшиш режасига мос.

Барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ОИИБ сармояси биринчи навбатда республиканинг узоқ муддатли мақсадига ҳамоҳанг. Биз ҳар бир лойиҳа маҳаллий иқлим устуворлигига мос келишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Банкимиз кенг кўламли инфратузилма, жумладан транспорт, сув хўжалиги ва рақамли ривожланишга ҳам эътибор қаратади. Масалан, мамлакатнинг қайта тикланадиган энергия салоҳиятини кенгайтиришга ёрдам берадиган қуёш, шамол энергияси ишлаб чиқариш, аккумуляторларни сақлаш объектларини биргаликда молиялаштириш учун глобал энергетика компаниялари ва бошқа институтлар билан ҳамкорлик йўлларини фаол излаяпмиз. Бу борада молиявий ва техник кўмак таклиф қилишдан мамнунмиз.
Фаолиятимиз Ўзбекистоннинг Париж келишуви доирасида янгиланган миллий қатъий ҳаракатлари, шунингдек 2030 йилгача “Яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегик асос”и билан уйғун. ОИИБ учун иқлим хавфини баҳолашни миллий режалаштириш ва бюджетлаштиришга интеграциялаш, иқлим ўзгаришига чидамли иқтисодиёт қуришга кўмаклашиш муҳим.
Жамоамиз энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан ташқари, гендер тенгликка эътибор қаратган, яшил инфратузилмага ўтиш орқали жамиятнинг барча, айниқса заиф қатламига фойда келтиришини таъминлаган ҳолда, инклюзив иқлим ҳаракатини рағбатлантириш бўйича ҳам фаол ишламоқда. Жараённинг бир бўлаги сифатида ирригация тизимини такомиллаштиришга ҳам ёрдам бермоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги сектори бевосита қўллаб-қувватланяпти.
Дастуримиз барқарорликни ошириш учун энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларида илгари суриладиган институционал ислоҳотларни ҳам ўз ичига олади. Норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва барқарорликни миллий ривожланиш кун тартибига интеграциялаш орқали банк Ўзбекистоннинг яшил ўтиш жараёни мустаҳкам ва инклюзив бўлиб қолишини таъминламоқда.
Тараққиётни баҳолашнинг асосий босқичларидан бири – Иқлим ўзгариши бўйича Миллий сиёсат ва Иқлим ўзгариши бўйича гендер ҳаракатлар режаси (CCGAP)ни муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек давлат корхоналари учун иқлим ва барқарорлик хавфини ошкор этишни қабул қилишдир. Айни чора-тадбирлар қайта тикланадиган энергия мақсадларига эришиш, шу билан бирга иқлим ўзгаришига умумий чидамлиликни ошириш имконини беради.
Муҳаррама Пирматова ёзиб олди. ЎзА