Минскда монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Назаров ушбу мамлакат Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазири Артур Карпович билан учрашди.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг 2024 йил февраль ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган “йўл харитаси” ижроси муҳокама қилинди.
Беларусь томони МДҲ Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаши доирасидаги ҳамкорликнинг юқори даражасини эътироф этди. Вазирликнинг таркибий бўлими – Универсал савдо биржаси билан шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайт мазкур биржада ўзбек резидентлари 188 нафар. Ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробар ошган, электрон савдода маҳсулот турлари кўпаймоқда.
Томонлар Беларусь етакчисининг мамлакатимизга ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлиги ўртасидаги келишув доирасидаги самарали ҳаракатлар аҳамиятини таъкидладилар. Белгиланган вазифаларни бажариш учун аниқ муддат ва масъул ижрочилари белгиланган қўшма тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ташаббуси маъқулланди.
Вазир Артур Карпович самарали ҳамкорликни давом эттириш, жараёнга тегишли идора ва ташкилотларни жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Азиза Алимова тайёрлади. ЎзА