Мард ўғлонлар Ватан ҳимоясига йўл олди
Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажаришга отланган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Унда Шимолий-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, полковник А.Набиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогик институти, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, нуроний ва оқсоқоллар ҳамда чақирилувчиларнинг яқинлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ватан ҳимоясидек муқаддас ва шарафли вазифани бажаришга тайёр йигитларга эзгу тилакларини билдирди. Она юртини ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масъулияти фақат шундай мард йигитларга насиб этишини таъкидлади.
Нукус гарнизони ҳарбий округи ва маданият бўлими томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йигитларга кўтаринки кайфият бағишлаб, сафар олдидан кўнгилларини кўтарди.
Барча синовлардан ўтиб, маънан ва жисмонан соғлом эканлигини исботлаган йигитлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги қўшинларига йўл олди. Ватанни ишончли ҳимоя қилишга ваъда берган ўғлонлар ҳарбий хизматни ўташ учун “Нукус” темир йўл вокзалидан жўнаб кетишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги