Польша Шарқ тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик ўрнатилди
Марказий Осиё халқаро институти раҳбари Жавлон Ваҳобов ва Варшавадаги М.Карп номли Шарқшунослик маркази директори Войцех Кононьчук бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда Польшанинг Ўзбекистон Республикасидаги Муваққат ишлари вакили Марчин Вакар ҳам иштирок этди.
Музокара чоғида МОХИ директори икки институт илмий-тадқиқот фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича кўплаб умумий нуқталар мавжудлиги, айни ҳолат қўшма лойиҳа ва ташаббуслар учун кенг имконият очишини таъкидлади.


Томонлар “Марказий Осиё + Европа Иттифоқи” саммитини илмий-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Биргаликда илмий иш, эксперт форумлари ва мунозарали давра суҳбатлари ташкил этиш орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Войцех Кононьчук минтақанинг глобал сиёсий-иқтисодий жараёндаги ўрни ортиб бориши асносида Польша таҳлилий доираларининг Марказий Осиё мамлакатларига қизиқиши ортаётганини қайд этди.


Учрашув якунида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур ҳужжат ҳамкорларнинг мулоқотни давом эттириш, шерикликни икки ва кўп томонлама шаклда кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлади.



1990 йил ташкил этилганМ.Карп номидаги Шарқшунослик маркази (ОSW) Марказий ва Шарқий Европа, Болқон, Кавказ ва Марказий Осиёдаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий вазиятни ўрганишга ихтисослашган. Халқаро муносабатлар ва минтақавий тадқиқотлар соҳасида билим алмашиш, таҳлилий салоҳиятни кенгайтириш мақсадида кўплаб халқаро тузилмалар, таҳлил марказлари ва тадқиқот институтлари билан фаол ҳамкорлик қилади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА