Спортни яна да ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

386

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, жойларда оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш борасидаги ишларни жонлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига келди.

Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, у ерда спортчиларнинг машғулот жараёнлари ва яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шунингдек, Спорт вазири томонидан шароитларни янада яхшилаш ва спортчи-ўқувчиларга кенг имкониятлар яратиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Спорт вазири Адҳам Икрамов  Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси  Фарход Эрманов тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, барча спорт федерациялари ҳамда спорт мактаблари масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича 13-февраль куни ўтказилган видеоселекторда берилган вазифаларнинг ижросини ташкил этиш борасидаги долзарб масалар муҳокама қилинди.



Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман, шаҳарларида спортни янада ривожлантириш, спорт федерациялари ва спорт мактаблари  олдида турган долзарб масалалар, жорий йилги «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақалари ҳамда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларини  уюшқоқлик билан ташкил этиш, умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда спорт соҳасини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Йиғилишда ушбу йуналишдаги ишларни белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги