Сунъий интеллект иқтисодиётга интеграция қилинади

299

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) раҳбарияти ва вазирлик департаментлари ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар сунъий интеллект технологияларини иқтисодиётга жорий

этиш, давлат бошқарувида рақамли инновацияларни кенгайтириш ва IT-экотизимни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, унда иқтисодий жараёнларни оптималлаштириш, молиявий таҳлилларни автоматлаштириш ва сунъий интеллект ёрдамида самарали бошқарув тизимларини ишлаб чиқиш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) – Марказий Осиё минтақасида сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, мутахассислар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инновацион экотизим яратиш мақсадида ташкил этилган халқаро платформадир.

Шундан келиб чиқиб, мазкур учрашув сунъий интеллект соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Музокаралар якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқларига интеграция қилиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА