Маҳсулотларни биржа савдоларига қўймаслик ҳолатлари борми?

283

Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 2024 йил давомида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали реализация қилишда қуйидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан манипуляция ҳаракатларини амалга оширганлик ҳолатлари аниқланган.

Яъни, улар графикларни бажармаслик ва кунлик белгиланган ҳажмларда маҳсулотларни биржа савдоларига қўймаслик ҳаракатларини қилган.

– Жумладан, «Олтин тола шаббоз,» «Турон оқ олтин» ишлаб чиқариш кооперацияси, «Тахиатош дон маҳсулотлари» АЖ ишлаб чиқариш кооперацияси, «Bo‘ston cluster,» «Midasiatex,» «Nukus agro cluster,» «Турон-Хўжайли» МЧЖ, «Чимбой май инвест» ХК, «Амударётех» МЧЖ ХК корхоналарини қайд этиш мумкин,-дейди қўмита бош мутахассиси И.Далибаев.

Юқорида аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, қўмитанинг махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши белгилари билан корхоналарга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси бўйича белгиланган тартибда молиявий жарималар қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги