Лойиҳаларни бошқариш бўйича семинар-тренинг ташкил этилди

305

Ҳар қандай ғоя энг аввало онгимизда шаклланади. Ғоянинг лойиҳага айланиши учун анчагина меҳнат қилишга, заҳмат чекишга тўғри келади. Лойиҳаларни самарали бошқариш учун эса инновацион, замонавий ёндашув талаб этилади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари учун Кавказ ва Марказий Осиё бўйича бизнес академияси тренерлари иштирокида лойиҳаларни бошкариш юзасидан ўқув-тренинглари бўлиб ўтмоқда.

Семинарда “Ernst & Young”  бизнес академияси тренери Сакен Садвасаков бошчилигидаги жамоа  ижодий лойиҳалар билан биргаликда аудит, консалтинг, ҳуқуқ ва стратегиялар бўйича ўз билим ва кўникмаларини тингловчиларга етказмоқда.

Мавзулар хилма-хил ва қизиқ экани билан аҳамиятли. Тренернинг айтишича, ҳар кандай ташкилотда маълум лойиҳани бошқариш орқали юқори самарадорликка эришиш мумкин. Колаверса, жахон амалиётида ҳам бунга мисоллар кўп. Муҳими, энг фойдали ва манфаатли ёндашувни танлай билиш зарур.

Таъкидлаш керакки, бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази йирик лойиҳалар платформасига айланмоқда. Табиийки, бу жараён ҳар бир мутахассисдан замонавий билимларни пухта эгаллашни, иш фаолиятига ўзига хос тарзда ёндашишни талаб этади. Шу жиҳатдан ушбу семинарнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Тренинг иштирокчилари лойиҳалар билан ишлашни, уларни бошқариш, амалга ошириш, вақтини назорат қилиш, кутилаётган хавфни минималлаштириш каби илмий-амалий билим ва кўникмаларни ўзлаштирмоқда.

Тренингда лойиҳани амалга ошириш жараёни, ушбу босқичда аниқ мақсадларни кўзлаш, асосий талаб ва ғоялар, умуман, мавзу билан боғлик барча жиҳатлар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Тўрт кун давом этадиган тренинг якунида иштирокчилар ўзлаштирган билимлари асосида тест топширади ва ундан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар берилади.

Н.Усмонова, ЎзА