Россия пойтахтини нишонга олган Украина дронлари уриб туширилди

“IRNA news” хабарига кўра, РФ Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари юзлаб дронларни йўқ қилди. Бу Москва 2022 йил махсус ҳарбий амалиёт бошлагандан буён Украина томонидан уюштирилган энг йирик трансчегаравий ҳужум экани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада жами 337 та учувчисиз учоқ уриб туширилганини маълум қилди. Шу тариқа Москва шаҳри ва 10 вилоят, жумладан Украина билан чегарадош Белгород, Брянск, Воронежда ҳужум қайтарилган.
Асосий нишон – Курск ва Москвага 200 дан кўп самолёт йўналтирилган. Пойтахт мэри Сергей Собянин пойтахт томон 70 дан зиёд дрон учганини тасдиқлади.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, уч киши жароҳатлангани, шунингдек бир неча хонадонга зарар етгани, автотураргоҳда бир неча машина ёниб кетгани ҳақида гапирди.
Олти аэропорт, жумладан Домодедово, Внуково, Шереметьево ва Жуков, пойтахтдан ташқаридаги Ярослав ва Қуйи Новгород вилоятлари ҳаво портлари хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилди.
Украина делегацияси Саудия Арабистонида Россия билан урушни тўхтатиш бўйича юқори даражали америкалик дипломат билан учрашмоқчи бўлган пайт содир этилган ҳужум юзасидан ҳозирча Киев расмийлари ҳеч қандай изоҳ бермади.
Мусулмон Зиё, ЎзА