Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида!

Ҳар йили жаҳон истеъмолчилар ҳамжамияти 15 мартни Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида белгилайди.
Маълумотларга кўра, 1962 йил 15 март куни АҚШ Президенти Жон Кеннеди томонидан штат конгрессида истеъмолчиларнинг 4 та асосий ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилган ва бу ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатли ҳимоя қилиниши белгиланган. Хусусан, хавфсиз бўлиш, ахборот олиш, эркин танлаш, эшитиш ҳуқуқларига эга.
1985 йил апрель ойида БМТ Бош Ассамблеяси «Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни бошқаришнинг 4-тамойили» резолюциясини қабул қилиб, унда истеъмолчилар ҳуқуқларига етказилган зарарни қоплаш, атроф-муҳитни сақлаш, истеъмолчилик билимига эга бўлиш, базавий истеъмолни қондириш каби қўшимча ҳуқуқлар белгилаб берилган.
1996 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши билан давлатимиз томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизми ва кафолати белгиланди.
Биз ушбу қонун талабларининг бажарилиши, амалга оширилаётган ишларнинг натижалари ва бошқа шу йўналишдаги қизиқтирган саволларимизга жавоб олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш маркази директори Ахмет Урумбаевни суҳбатга тортдик.
– Ахмет Нагметович, Сиз бошқараётган нодавлат нотижорат ташкилотнинг истеъмолчиларга кўрсатилаётган ишлари ҳақида маълумот берсангиз.
– Биз ҳаммамиз истеъмолчимиз. Кундалик эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тиббиёт, савдо, овқатланиш, коммунал, автотранспорт, темир йўл транспорти, ҳаво йўллари, алоқа, дорихона ва бошқа хизмат турларидан фойдаланганда, истеъмолчиларнинг сифатли товарлар (ишлар, хизматлар) ни сотиб олиш билан боғлиқ ҳуқуқларини, ҳаёти ва соғлиғига хавфсизлик бўлиши, товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида маълумот олиш, ўзларининг бошқа ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунчилик талабларини инобатга олиши шарт.
Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш марказига юқорида қайд этилган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларини назорат қилиш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунда Марказ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш билан бирга, ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган ҳолатлардаги ҳаракатларини оммавий ахборот воситалари орқали, семинарлар, ўқувлар ташкил этиш орқали тушунтириб бормоқда. Шундай тарғибот, тушунтириш ишларига қарамасдан ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда ва улар Марказ томонидан амалдаги қонунчилик талабларига асосланган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда.
– Ушбу мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда, тушунтириш ва тарғибот ишларининг натижаси қандай бўлмоқда?
– Марказга ёзма ва ишонч телефони орқали берилган ариза ва шикоятларнинг қарийб 85-90 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал этилмоқда. Келиб тушган жами 52 та мурожаат тўлиқ кўриб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига 75 миллион сўм қайта ҳисобланди.
Истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича улардан келиб тушаётган шикоят ва аризаларнинг кўпчилиги ички истеъмол бозорида сифати ва талабларга жавоб бермайдиган кундалик хўжалигимизда фойдаланиладиган ускуналар ҳамда инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдирадиган товарларнинг сотилиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Бу ҳолатларга йўл қўймаслик учун жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш билан боғлиқ тушунтириш ишларини олиб боришни такомиллаштириш зарур.
Республикамизда яшаётган фуқароларни биринчи навбатда, бозорларда, супермаркет, озиқ-овқат дўконларида муддати кўрсатилмаган, сифати паст маҳсулотларни сотиб олмасликка чақирамиз. Бу маҳсулотларнинг биринчи навбатда ҳар бир одамнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиш хавфи бор. Тадбиркорлар бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини билса ҳам бунга кўз юмиб ўтади. Сабаби, тадбиркорлар бу маҳсулотларнинг муддатини ўтказиб олишига қарамасдан савдо марказларида сотишни давом эттиради. Бунга асосий сабаб улар (тадбиркорлар) бу маҳсулотларга ўз ҳисобларидан кўп миқдорда пул сарфлайди.
– Бундай вазиятда қандай маслаҳат берасиз?
– Шу ўринда айрим тадбиркорларнинг дўконларида муддати ўтишига бир ҳафта қолган, сифати паст озиқ-овқат маҳсулотларини ва кундалик фойдаланиладиган ускуналарни ҳар хил сана ёки байрам муносабати билан «Акция» ўтказиш йўли орқали фуқароларни қизиқтириб сотишга эришишларини таъкидлаб ўтишимиз керак. Шу юқоридагиларни ҳисобга олиб фуқароларни (истеъмолчиларни) бундай маҳсулотлардан узоқ бўлишини ва ҳар бир олмоқчи бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган сертификатларини талаб қилиб олишга ҳақли эканини билдирамиз.
Бунга мисол сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш марказига келиб тушган айрим мурожаатларни, масалан, 2024 йили фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг кўпчилиги техника сотувчи йирик савдо марказларидан кредит ҳисобига бўлиб тўлашга олган кир ювиш ускунаси, телевизор, телефонлар ва бошқа ускуналар ҳисобланади. Хусусан, ускуналарни сотиб олган вақтида ишлаб турган бўлса ҳам, уйига олиб бориб ишлатганда ишламай қолганлигини ва носоз бўлиб чиққанлигини, сотиб олган савдо марказига бориб айтса, сотувчи ҳар хил баҳоналар билан истеъмолчига носоз ускунани алмаштириб бермаслигини айтиб қўпол муносабатда бўлганини таъкидлаш мумкин.
Умидсиз истеъмолчилар бу ҳолат бўйича Марказга мурожаат қилишга мажбур бўлган ва бу мурожаатлар Марказнинг мониторинг мутахассислари томонидан кўриб чиқилиб, қисқа муддат ичида ишламай турган ускуналари алмаштириб берилди.
Юқоридаги каби ҳолатлар аниқланса истеъмолчиларни Марказнинг (95) 601-15-15 ишонч телефонига шикоят қилиш имкониятлари борлигини маълум қиламиз.
Суҳбатлашган: А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги