Ўзбекистон – Франция: электротехника соҳасида икки томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

358

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга амалга ошираётган давлат ташрифи доирасида икки давлат расмийлари ва ишбилармон доиралари ўртасида бизнес-форум ўтказилди. Унда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов иштирок этиб, Франциянинг “Alstom” компанияси Ғарбий ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жером Бойе билан музокаралар олиб борди.

Учрашув давомида Ўзбекистон электротехника саноатининг жадал ривожланиши, соҳадаги қулай инвестициявий муҳит ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Мирзиёд Юнусов “Alstom” компаниясига Ўзбекистондаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар билдирди.

Қайд этилганидек, “Alstom” – темир йўл транспорти ва электр ҳаракатланиш тизимлари соҳасида дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. У инновацион локомотивлар, электровозлар ва бошқа транспорт технологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан шуғулланади.

Музокаралар натижасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳамда Ўзбекистон электротехника саноатининг барқарор ривожланишига кўмаклашишга келишиб олинди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА