46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди

312

2026 йили қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида шахмат бўйича 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари ташкил этилади.

Ҳар икки йилда бир марта дунёнинг 200 га яқин энг кучли шахмат жамоалари иштирокида ўтадиган мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори қабул қилинган.

Спорт вазирлигида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) президенти Аркадий Дворкович, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди. Унда ушбу нуфузли олимпиадани юқори даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусан, тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти муҳокама қилинди.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) президенти Аркадий Дворкович 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг Ўзбекистонда ўтказилиши муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Мамлакатимиз ёш шахматчиларининг халқаро майдонда эришаётган натижалари эътироф этди.

Ўз навбатида, спорт вазири А.Икрамов ўтган қисқа фурсатда шахмат олимпиадасига ҳозирлик кўриш бўйича “йўл харита” ишлаб чиқилгани, ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юкланганига тўхталиб ўтди.

Шахмат олимпиадасини ўтказиш бўйича қабул қилинган қарор ижроси хусусида дахлдор ташкилот ва мутахассисларнинг хусусан, йиғилишда онлайн тарзда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутахассисларининг ҳисоботлари тингланди.

Т.Рўзиев, ЎзА